Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси (ЙҲХББ) томонидан эълон қилинган янги тартибга кўра, электр скутерлар ва уларга ўхшаш транспорт воситаларини бошқариш учун энди ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб қилинади. Бу қарор йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш ва йўл-транспорт ҳодисаларини камайтириш мақсадида қабул қилинди.
Янги қоидалар 2025 йил 1 октябрдан кучга киради ва унга мувофиқ, «А» категорияли ҳайдовчилик гувоҳномаси – мотоцикл ва унга тенглаштирилган икки ғилдиракли воситалар учун, «А1» категорияси эса двигател ҳажми 125 сантиметр кубгача бўлган энгил мотоцикллар ва скутерларга тегишли.
Агар ҳайдовчи белгиланган гувоҳномага эга бўлмаса, унга нисбатан 2 млн 60 минг сўм миқдорида жарима қўлланади. Бу жарима миқдори амалдаги Базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 5 бараварига тенглаштирилган.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, электр скутерларнинг шаҳар кўчалари ва кўп аҳоли яшайдиган ҳудудларда кўпайиши, ушбу воситалардан фойдаланиш маданияти ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш даражасини оширишни тақозо қилмоқда. Шунинг учун янги тартиб ҳайдовчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун зарур ҳисобланади.
Фуқароларни ўз вақтида ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга, йўл ҳаракати қоидаларини қатъий бажаришга ва ўз ҳамда бошқаларнинг ҳаётини ҳимоя қилишга чақирамиз.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Vaqt.uz сайтида 1 октябрдан мопед ва скутерларга авторақам тақилиши ва ҳайдовчилик гувоҳномаси билан бошқарилиши ҳақида хабар берган эдик.