Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари, иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров Марказий банкнинг хорижий давлат облигацияларига сармоя киритиш амалиёти ҳақида саволлар қўйиб, унинг самарадорлигини шубҳа остига олди. Унинг фикрича, ортиқча маблағлар мавжуд экан, улар банкларда пулнинг нархини пасайтириш ва миллий иқтисодиёт ривожига йўналтирилиши керак. Шу билан бирга, «нега бошқа давлатлар ҳукуматлари кредитланмоқда, қачонки ўз ҳукуматимиз очиқ бозорларда қиммат ресурс сотиб олаётган пайтда?» деган саволни қўйди.
Абдулла Абдуқодиров Марказий банкнинг монетар сиёсатини умумий иқтисодий сиёсатдан узоқ ҳолда юритишини танқид қилди. Унинг фикрича, иқтисодий ўсиш, бандлик ва миллий иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш барча иқтисодий бошқарув агентликларининг умумий вазифаси бўлиши керак. Шу билан бирга, у йиллик 23–25 фоизли кредит ставкалари билан иқтисодий ривожланиш мумкин эмаслигини таъкидлади.
Бу фикрлар иқтисодчилар орасида катта танқидларга сабаб бўлди.
Иқтисодчи Ботир Қобилов эса бу саволларни «популистик» деб баҳолаб, ўз муносабатини билдирди. Унга кўра, кенг жамоат олдида бундай саволлар нотўғри тушунчаларни тарқатиши мумкин. Шу боис у аниқ жавобларини тақдим қилди. Қобиловнинг таъкидлашича, Марказий банкда «ортиқча пул» деган тушунча йўқ. Захира маблағлари валюта барқарорлиги, ташқи тўловлар ва ликвидлик учун кафолат ҳисобланади. Уларни тўғридан-тўғри иқтисодий ривожланишга ёки арзон кредитларга йўналтириш инфляциянинг кучайишига олиб келиши мумкин.
Чет эл облигацияларига сармоя йўналтириш эса бошқа давлатларга ёрдам бериш эмас, балки захираларни бошқаришнинг амалиётидир. Илгари захиралар асосан олтин ва валютада сақланар эди. Сўнгги йилларда эса диверсификация мақсадида кам миқдорда (тахминан 100 млн доллар) ривожланган давлатлар облигацияларига ҳам киритилмоқда. Уларнинг афзаллиги — хавфсиз ва юқори ликвид бўлиши. Қобиловнинг фикрича, Марказий банкнинг асосий вазифаси пул-кредит сиёсатини юритиш ва нархлар барқарорлигини таъминлашдир. Бандликни ошириш ёки иқтисодий ўсишга тўғридан-тўғри таъсир кўрсатиш унинг мандатига кирмайди. «Оркестрда яккахон хонанда» каби айбловлар асоссиз, чунки ҳар бир тузилма ўз вазифасини бажариши керак. Агар Марказий банк ўз вазифасидан четга чиқиб, ўсишга эътибор қаратса, инфляция назоратдан чиқиши мумкин.
Шунингдек, Қобилов кредит ставкаларининг юқорилигини тан олди, аммо уларни арзонлаштириш масаласи Марказий банкнинг вазифаси эмаслигини таъкидлади. Унга кўра, қонунчилик ва институционал мантиқ шу тарзда қурилган.
Беҳзод Ҳошимов эса Абдуқодировни бозор ислоҳотларига кўп ҳолларда қарши чиққан иқтисодчи сифатида танқид қилди. Унинг таъкидлашича, Абдуқодиров долларнинг эркин конвертацияси ва солиқ юкини камайтиришга қарши чиққан. Кўп масалаларда у нотўғри деб баҳоланадиган фикрларни қўллаб келган. Ҳошимов уни «ўзбекча Глазьев» деб атади. Унинг фикрича, Абдуқодиров кўп жиҳатларда статус тарафдори, давлатнинг иқтисодиётдаги улушини юқори сақлаш, айрим тармоқларга субсидия бериш ва капитал ҳаракатини чеклаш каби ғояларда ҳукумат позициясига яқин туради. Шукрки, кўп ҳолларда ҳукумат унинг тавсияларига амал қилмаган.
Изоҳлар қисмидан Суҳроб Расулов ҳам саволларни «популистик» деб атади. Унинг фикрича, ортиқча пул — бу олтин-валюта захиралари. Уларнинг бир қисмини АҚШ ва бошқа ривожланган давлат облигацияларига йўналтириш мантиқий, чунки улар хавфсиз ва юқори ликвид. Шунингдек, у Марказий банкнинг асосий вазифаси инфляцияни жиловлаш эканини, кредит ставкаларини пасайтириш эса унинг мажбурияти эмаслигини таъкидлади. Қиммат кредитлар кўп жиҳатдан ҳукумат сиёсатидан келиб чиқади.
Иқтисодчи-журналист Баҳодир Абдуллаев баҳсга бошқа нуқтаи назардан қаради. Унинг фикрича, дунёда иқтисодчилар кўп масалаларда турлича фикр билдириши табиий. Бироқ улар деярли якдил бўлган масалалардан бири — Марказий банкнинг мустақил бўлиши шартлигидир. Жамиятда «Марказий банк мустақил бўлиши зарур» деган фикр мустаҳкам ўрнашиши керак, акс ҳолда бу ғоя шубҳа остига олиниши хавфли.
Иқтисодчи Отабек Бакиров эса расмийлар позицияси ва уларнинг очиқ чиқишлари аҳамиятига тўхталди. Унингча, Янги Ўзбекистоннинг энг катта фарқи — президентдан ташқари бошқа расмийларнинг ҳам ўз фикрларини очиқ билдиришига имкон яратилганидир. Аммо кейинги пайтларда чиқишлар камайиб бораётгани хавотирли. Бакировнинг фикрича, расмийлар чиқишлари танқидга учраши ёки маъқулланиши табиий ҳолат бўлиши керак. Жамоатчилик муҳокамаси йўқлиги кўп хатоларга олиб келмоқда.
Кенг муҳокамалардан сўнг, Абдулла Абдуқодировнинг ўзи ҳам охирги муносабатини билдирди. Унинг таъкидлашича, у оддий саволлар шунча катта тўлқин уйғотишини кутмаган эди. У фикрича, эҳтиросларга берилмай, фикр эгасига нисбатан турли тазйиқ ўтказмасдан, соҳани чуқур англайдиган экспертлар жамоаси тузилиши лозим. Ушбу жамоа махфийликни таъминлаган ҳолда иқтисодиётнинг ҳолати, фискал ва монетар сиёсат самараси, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижобий ва салбий жиҳатларини тизимли равишда муҳокама қилиши зарур. Ягона фикр бўлмаган ҳолларда эса альтернатив қарашлар далил ва ҳисоботлар асосида раҳбариятга етказилиши керак. Абдуқодировнинг таъкидлашича, бу мамлакат учун катта фойда келтиради. У шунингдек, Telegram каналларидаги иқтисодчиларнинг фикрига нисбатан аргументсиз баҳсларга жавоб бермасликни маъқул кўрганини айтди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Абдулла Абдуқодиров доллар курси пасайиши туфайли Ўзбекистоннинг бир қатор соҳалари рақобатбардошлигини йўқотганини айтган эди.