«Машинасозлар» бекатидан Чорвоққа автобус қатнови тўхтатилди

29.09.2025 10:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Тошкентдан Чорвоққа қатновчи 1226-сонли автобус йўналиши режадан ташқари тўхтатилди ва дастлабки маълумотларга кўра, келаси йилга қадар қайта тикланмайди.

Chorvoq

Tashtrans.uz хабар беришича, ташувчи компания қатновнинг ёпилишини олдиндан эълон қилмаган. Бу йўналиш 1 июлдан иш бошлаб, қисқа вақт ичида аҳоли ва сайёҳлар орасида катта талабга эга бўлган.

Автобуслар «Машинасозлар» метро бекатидан Чорвоққа Хумсон орқали ҳар 90 дақиқада қатнарди. Биринчи рейс соат 6:00 да йўлга чиқиб, охиргиси эса 20:30 да амалга ошарди. Йўл вақти ўртача 1 соат 30 дақиқани ташкил этган.

Йўналишда ҳар бири 47 йўловчига мўлжалланган замонавий MAN RR3 автобуслари ҳаракатланган. Улар кондиционер ва қулай ўриндиқлар билан жиҳозланган бўлиб, йўл ҳақи 25 минг сўм этиб белгиланган, тўловни нақд ёки карта орқали амалга ошириш мумкин эди.

Автобуслар Махтумқули кўчаси орқали Янги Ўзбекистон боғи, Хўжакент турар жой массиви ва Чиноркент дам олиш масканидан ўтиб, Хумсон орқали Чорвоққа етиб борарди. Йўналишнинг тўхтатилиши сайёҳлар ва маҳаллий аҳоли учун сезиларли ноқулайлик яратиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 25 сентябрдан Тошкент – Чиноркент йўналиши бўйича чипта нархлари 50 фоизга кўтарилди. Асосий сабаб сифатида электр энергияси тарифларининг оширилиши кўрсатилган эди.