Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев президентнинг давлат маслаҳатчиси, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари – қишлоқ ва сув хўжалиги вазири лавозимларида фаолият юритган атоқли давлат ва жамоат арбоби Исмоил Жўрабековнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди. Марҳум шу йил 28 сентябр куни 94 ёшида вафот этди.
«Ватанимиз истиқлолга эришганидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари сифатида давлатимиз мустақиллигининг ижтимоий-иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш, мамлакатимиз олдида турган ғоят серқирра ва кенг кўламли вазифаларни бажариш йўлида жонбозлик кўрсатди. Хусусан, ижро ҳокимияти институтлари фаолиятини самарали йўлга қўйиш, маҳаллий ҳокимликлар ишини мувофиқлаштириш, қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни амалга ошириш, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш, соҳанинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш борасида ташкилотчилик ва ташаббускорлик фазилатларини намойиш этди. И.Ҳ.Жўрабеков Давлат сув назорати бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси лавозимларида ҳам самарали фаолият олиб борди. Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларимизни амалга оширишда И.Ҳ.Жўрабеков, мўътабар ёшда бўлишига қарамасдан, сув хўжалиги вазирининг маслаҳатчиси сифатида хизмат қилиб, ўзининг бой билим ва тажрибаси, қимматли маслаҳатлари билан соҳани ривожлантириш, ёш кадрларни тарбиялаш ишларида фаол иштирок этди», – дейилади муносабатда.
Исмоил Жўрабеков 1931 йил 12 сентябрда Самарқанд вилоятида туғилган. У узоқ йиллар мобайнида қишлоқ хўжалиги ва сув ресурслари соҳасида юқори лавозимларда фаолият юритди.
1956 йилдан бошлаб турли масъул вазифаларни бажарди: Паст Дарғом тумани ирригация тизимлари бошқармаси муҳандиси ва раҳбари, «Самарқандсувқурилиш» трести бошлиғи, кейинчалик эса республика мелиорация ва сув хўжалиги вазири лавозимида ишлади.
Шунингдек, Жўрабеков Ўзбекистон ССР Министрлар Совети раиси ўринбосари, Давлат агросаноат қўмитаси раиси, фуқаро муҳофазаси ишлари бўйича вазир, Президентнинг ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича давлат маслаҳатчиси сифатида ҳам ишлаган. У, шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири биринчи ўринбосари — қишлоқ ва сув хўжалиги вазири сифатида мамлакат тараққиётига катта ҳисса қўшди.
Ўша йиллари у Ўзбекистонда Каримовдан сўнг иккинчи шахс сифатида қаралган. Бироқ Ислом Каримов мулозимларига хос равишда телевидение орқали сўзламаган. 2004 йилгача Каримовнинг давлат маслаҳатчиси сифатида ишлаган Исмоил Жўрабеков Шавкат Мирзиёев Бош вазир этиб тайинлангач истеъфога чиқарилиб, нафақага жўнататилганди.
2005 йил Бош прокуратура Исмоил Жўрабековга Жиноят кодексининг 3 моддаси бўйича жиноий иш очган.
Бироқ Жўрабековнинг айбига тўлиқ иқрор бўлгани, унинг ёши ва соғлиғини инобатга олиб Ўзбекистон Президентининг Конституция куни муносабати билан чиқарган амнистия фармони асосида жиноий иш тўхтатилган.
Каримов вафотидан сўнг ҳокимият тепасига келган Шавкат Мирзиёев бошқа коррупцион имиджга эга собиқ амалдорлар қатори Исмоил Жўрабеков номини ҳам оқлаган.
Шу йилнинг август ойида меҳнат фахрийси Исмоил Ҳакимович Жўрабеков «Дўстлик» ордени билан мукофотланган. Исмоил Жўрабеков амалдор вақти у марказий каналлар орқали кўрсатилмаган.
Исмоил Жўрабеков Ўзбекистон Республикасининг “Буюк хизматлари учун”, “Дўстлик” орденлари, Тожикистоннинг “Дўстий” ордени, собиқ иттифоқнинг “Октябр револцияси”, “Халқлар дўстлиги”, “Меҳнат қизил байроқ” (2 марта) ва “Ҳурмат белгиси” (2 марта) орденлари билан тақдирланган.