28 сентябр куни Озарбойжоннинг Ганжа шаҳрида III МДҲ ўйинлари тантанали равишда очилди. Маросимда Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва биринчи хоним Меҳрибон Алиева иштирок этди.
Тантанали маросим Давлат байроғини кўтариш ва миллий гимн ижроси билан бошланди. Шундан сўнг иштирокчи мамлакатлар спортчилари паради ўтказилди.
Озарбойжон байроғини аренага каратэчи Асиман Қурбонли ва таэквондичи Земфира Ҳасанзода олиб чиқди. Бу улар учун катта шараф сифатида қайд этилди.
Маросимда III МДҲ ўйинлари Ташкилий қўмитаси раиси Самир Шарифов ва МДҲ Бош котиби ўринбосари Нурлан Сейтимов нутқ сўзлади. Шунингдек, спортчилар ва мураббийлар қасамёд қабул қилишди.
Президент Ильҳом Алиев III МДҲ ўйинларини очиқ деб эълон қилди. Тантанали очилиш маросими бадиий дастур билан давом этди.
III МДҲ ўйинларида Озарбойжон, Беларус, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон спортчилари иштирок этмоқда. Шунингдек, МДҲга аъзо бўлмаган Куба, Кувайт, Покистон, Туркия ва Ўмондан жами 1624 нафар атлет спортнинг 23 тури бўйича 246 медаллар комплекти учун кураш олиб боришмоқда.
Биринчи кундан сўнг Россия спортчилари 8 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза билан етакчилик қилишмоқда.
Мусобақалар 8 октябрга қадар давом этади.