Жаҳон иқтисодий форуми томонидан эълон қилинган «Global Gender Gap Report 2025» ҳисоботига кўра, дунёда гендер тенглик даражаси 68,8 фоизга етди. Бу сўнгги йилларда энг юқори ўсиш суръати сифатида қайд этилмоқда.
Ўзбекистон индексда 148 давлат орасидан 0,678 балл билан 110-ўринни эгаллади. Мамлакат айниқса таълим соҳасида 0,998 балл ва соғлиқни сақлашда 0,955 балл тўплаб, юқори кўрсаткичларга эришди. Бу эса соҳаларда аёллар ва эркаклар учун имкониятлар деярли тенглигини англатади.
Сиёсий вакиллик соҳасида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Ўзбекистон бу йўналишда 89-ўриндан 82-ўринга кўтарилди. Шу билан бирга, мамлакат Марказий Осиёда сиёсий вакилликда 20 фоиздан юқори даражага эришган давлатлар қаторида қайд этилди. Бу эса аёлларнинг давлат бошқарувида фаол иштирокини таъминлашда амалий қадамлар қўйилаётганини кўрсатади.
Жаҳон рейтингида эса Исландия, Финляндия, Норвегия, Буюк Британия ва Янги Зеландия етакчилик қилмоқда. Улар гендер тенглигини таъминлашда самарали сиёсат юритиши билан алоҳида аҳамиятга эга.
Мутахассислар фикрича, Ўзбекистондаги ижобий динамика кейинги ислоҳотлар учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади. Бу жараён мамлакатда гендер тенглигини таъминлаш йўналишидаги ҳаракатлар самара бермоқда, деган хулосани беради.