Қирғизистонда «Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон» халқаро темир йўли қурилиши амалдаги босқичга ўтди. Бу ҳақда мамлакат Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари — қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазири Бақит Торобаев Хитой Давлат темир йўл корпорацияси делегацияси билан учрашувда маълум қилди, деб ёзмоқда Қирғизистон ҳукумати портали.
Торобаевнинг таъкидлашича, ҳозирда тоннеллар қазиш, вақтинчалик инфратузилма қуриш ва ташкилий масалаларни ҳал этиш ишлари бошланган. Ҳукумат лойиҳани тўлиқ қўллаб-қувватламоқда, давлат идоралари иштирокида мунтазам мувофиқлаштириш йиғилишлари ўтказилмоқда. Экология ва хавфсизлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилаяпти.
Шунингдек, маҳаллий аҳолининг лойиҳага кенг жалб этилиши ва қурилишда маҳаллий компаниялар хизматлари ҳамда маҳсулотларига устувор аҳамият берилиши қайд этилди.
Учрашувда юк ташиш ҳажмлари прогнози, темир йўл мутахассисларини тайёрлаш учун Академия яратиш режалари ва Торуғарт, Мақмал, Жирға-Тол ҳамда Манасда иқтисодий зоналар ташкил этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
«Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон» темир йўли келажак йўли, дўстлик ва ҳамкорлик рамзи сифатида кўрилмоқда. Торобаевга кўра, мувофиқлашган ҳаракатлар лойиҳани барча халқлар манфаати учун самарали амалга ошириш имконини беради.