Қозоғистонда давлат харажатларига мораторий жорий этилди

29.09.2025 15:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Давлат жамғармаларини яратиш ва давлат идоралари учун бинолар қуриш тақиқланди.

Qozoq

Қозоғистон ҳукумати 2028 йил охиригача давлат харажатларининг бир қатор йўналишларига мораторий жорий этди. Бу қарор давлат маблағларини иқтисодий ўсишга хизмат қиладиган устувор лойиҳаларга йўналтириши айтилмоқда.

Асосий чекловлар давлат идоралари учун янги маъмурий бинолар қуриш ва сотиб олишга, маданий-маиший иншоотлар барпо этишга ҳамда бюджетдан ташқари янги жамғармалар ташкил этишга тегишли. Шунингдек, ижтимоий соҳада янги ташаббусларни амалга ошириш ҳам тўхтатилди.

Қарорга кўра, давлат органлари ва давлат иштирокидаги корхоналари бюджет дастурлари натижасида олинган жамғармаларни мустақил тарзда сарфлай олмайди. Бундай маблағлар фақат тегишли марказий органлар томонидан олдиндан тасдиқланган ҳолларда ишлатилиши мумкин.

Бўшатилган маблағлар мамлакат иқтисодий ўсиши билан боғлиқ устувор йўналишларга йўналтирилади. Бош вазир Олжас Бектенов 2026–2028 йилларга мўлжалланган бюджет ва трансфертларни режалаштиришда ушбу қарорга қатъий риоя қилиш зарурлигини таъкидлади.

Мораторий 2022 йилдан кейин ташкил этилган янги туманлардаги ҳокимлик бинолари қурилишига татбиқ этилмайди. Қарор ҳужжат имзоланган кундан кучга кирди.