Россия ҳеч нарса қилолмади: Молдовада ғарбпараст партия ғолиб келди

29.09.2025 18:43 | 10 дақиқада ўқилади.

Кузатувчилар бу сайловни Молдованинг мустақиллигидан кейинги энг муҳим воқеа деб атамоқда. Сайлов айро йўл ўртасидаги танлов сифатида кўрилаётганди: Европа Иттифоқи билан яқинлашиш ёки Россия тасирига қайтиш.

Mayya sandu

Молдова Марказий сайлов комиссиясига кўра, бугун, 29 сентябрь куни 99 фоиздан ортиқ овоз саналганда, ҳукмрон «Ҳаракат ва бирдамлик партияси» (PAS) 50,5 фоиз, россияпараст мухолифатдаги «Ватанпарварлик блоки» эса 24,3 фоиз овоз олган.

Якуний натижаларга кўра, Майя Сандунинг «Ҳаракат ва бирдамлик» партияси ғолиб бўлди.

Амалдаги президент Майя Сандунинг «Ҳаракат ва бирдамлик партияси» (PAS) ҳукуматни тузиши учун парламентдаги 101 ўриндан камида 51 тасини қўлга киритиши керак. CNNнинг Antena3 Руминия филиалига кўра, бу хулосага натижаларни қайта тақсимлаш орқали келинган. Яъни, парламентга кира олмаган партиялар олган овозлар бошқа партиялар ўртасида тақсимланган.

Санду Кишинёвда овоз бериш жараёнида Молдова учун «катта масалалар ҳал бўлаётгани»ни таъкидлади. У мамлакат демократиясини мустаҳкамлаш, ҳудудини ҳимоя қилиш ва Европа Иттифоқига яқинлашиш йўлида катта имкониятга эга эканлигини айтди. Reutersʼга кўра, Молдова халқи мамлакатда юқори инфляция даражаси (7 фоиз) ва энергия импортидаги қийинчиликларга қарамай, амалдаги ҳокимиятни сақлаб қолишни танлади.

Сайлов натижалари эълон қилингач, «Ватанпарвар блок» раҳбари, собиқ президент, россияпараст Игор Додон парламент олдида норозилик намойишлари ўтказишга чақирди.

Президент Майя Санду Молдовани беш йил ичида Европа Иттифоқига аъзо қилишни мақсад қилган. У Россия таъсири кучайса, 2,4 млн аҳолига эга мамлакат учун бу хавфли бўлиши мумкинлигини айтган. Руминия ва Украина ўртасида жойлашган Молдова сўнгги йилларда Россия уруши чегарасидаги нотинч ҳудудга айланган.

Мамлакат мустақилликдан бери ғарбпараст ва россияпараст йўналишлар ўртасида қолиб келган. Ҳозир ҳам Россия қўшинларининг кичик қисми Молдовадан ажралиб чиққан Днестрбўйи ҳудудида жойлашган.

2020 йилдан бери Молдовага Европага мойил кучлар ҳукмронлик қилмоқда. Ўша йили Ҳарвардда ўқиган ва Жаҳон банкида ишлаган собиқ амалдор Майя Санду президентлик сайловида катта фарқ билан ғалаба қозонган.

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Молдовада Европага мойил партиянинг ғалабасини табриклади. У Х ижтимоий тармоғида: «Молдова, яна уддаладинг. Қўрқув ва бўлиниш чақириқлари сизни тўхтата олмади. Сиз Европа, демократия ва озодликни танладингиз. Эшигимиз очиқ, биз сиз билан биргамиз. Келажак сизники» деб ёзди.

Украина президенти Володимир Зеленский ҳам натижани олқишлаб, Россия катта куч ва ресурс сарфлаганига қарамай, Молдовани беқарорлаштира олмаганини таъкидлади.

 

Россия аралашуви

Молдова ҳукумати бошиданоқ Россиянинг муҳим сайловларга аралашиш учун катта кампания бошлаётганидан огоҳлантирган. Хусусан, Молдова собиқ ташқи ишлар вазири Нику Попеску CNNга берган интервюсида 1991 йилда совет иттифоқи қулаши билан мустақилликка эришган Молдовага сўнгги пайтларда Россия томонидан мухолифатни кучайтиришга қаратилган кенг қамровли кампания — нақд пул, криптовалюта ва дезинформатсия «тўлқини» амалга оширилаётганини айтган.

Шунингдек, Белгия, Италия, Руминия, Испания ва АҚШдаги сайлов участкаларига Россиянинг аралашуви доирасида бомба таҳдидлари бўлган. Санду Facebookдаги постида айрим сайловчилар чет элдаги участкаларга ноқонуний равишда, пул эвазига олиб борилганини айтган. Айрим жойларда бўш бюллетенлар олиб чиқилиб, кейин «муҳрланган ҳолда қайта киритилиши» ҳақида ҳам маълумотлар келиб тушган.

Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Станислав Секриэруга кўра эса сайлов куни бир қатор ҳодисалар содир бўлганини билдирди: сайлов тизимлари ва ҳукумат веб-сайтларига киберҳужумлар, чет элдаги сайлов участкаларига бомба қўйиш ҳақидаги ёлғон таҳдидлар ва сайловчиларни ноқонуний равишда сайлов участкаларига олиб бориш ҳолатлари кузатилган. Бош вазир Дорин Речаннинг сўзларига кўра, барча ҳужумлар вақтида аниқланиб, зарарсизлантирилган ва сайлов жараёнига таъсир қилмаган. Полиция Молдованинг Россияга хайрихоҳ бўлган Днестрбўйи минтақасида хавфсизлик хизматларидан бўлганликда гумон қилинган уч кишини қўлга олган. Улар «оммавий беқарорлик ва тартибсизликлар» ни келтириб чиқаришни режалаштирганликда айбланган.

Москва ва «Ватанпарварлик блоки» партияси раҳбари Игор Додон бу даъволарнинг барчасини рад этган.

Таҳлилчиларга кўра, бу сафар Россия сайловчиларни, айниқса либералларни, овоз беришдан қайтаришга уринган.

 

Майя Санду ким?

Майя Санду — Молдованинг сиёсатчиси ва давлат арбоби, мамлакат тарихида президентликка сайланган биринчи аёл ҳисобланади. У 1972 йил 24 май куни туғилган. Санду Молдова Иқтисодий Тадқиқотлар Академиясида ва Давлат Бошқаруви Академиясида таҳсил олган, шунингдек, Ҳарвард университетининг Kennedy давлат бошқаруви мактабида жамоат сиёсати бўйича магистр даражасини олган.

У 2012–2015-йилларда Молдова таълим вазири сифатида фаолият юритиб, ўқув тизимида шаффофлик ва сифатни оширишга қаратилган ислоҳотлар олиб борган.

2015 йилда «Ҳаракат ва бирдамлик» (PAS) партиясига асос солиб, уни Молдованинг европапараст сиёсий кучига айлантирди. 2019 йилда қисқа муддат бош вазир лавозимида ишлаган. 2020 йилда у президентлик сайловида ғалаба қозониб, мамлакат тарихида илк бор аёл президент сифатида сайланди.

2024 йилда эса иккинчи муддатга қайта сайланди. Санду ўз сиёсатида коррупцияга қарши курашиш, суд тизимини ислоҳ қилиш, демократик қадриятларни мустаҳкамлаш ва Молдовани Европа Иттифоқига яқинлаштиришни асосий мақсад қилиб олган.

У Россиянинг Молдовадаги сиёсий аралашувлари ва дезинформатсия кампанияларига қарши қатъий позитсия тутиб келади. Бугунги кунда Майя Санду Молдова сиёсатида ғарбпараст йўналишни ифодалайдиган энг муҳим шахс сифатида танилган.

Меҳриноз Фармонова тайёрлади.