28 сентябр куни Австралиянинг Сидней шаҳрида ўтказилган IAC Hosts Summit доирасида «Ўзбеккосмос» агентлиги Самарқандни 2028 йилги Халқаро астронавтика конгрессига мезбон сифатида тақдим этди.
«Ready to Take Off: Pitching Your IAC Vision for 2028» концепцияси билан агентлик раҳбарининг ўринбосари Муҳиддин Иброҳимов чиқиш қилиб, Самарқанднинг кучли жиҳатларини тақдим этди.
IAC дунёдаги энг йирик космик форум ҳисобланади ва ҳар йили 10 мингга яқин иштирокчи — илмий агентликлар, йирик корпорациялар ва соҳанинг етакчи мутахассисларини йиғади. Форум тажриба алмашиш, илмий ташаббусларни илгари суриш ва инвесторларни жалб қилиш учун муҳим майдон сифатида хизмат қилади.
Охирги йилларда конгресс Милан (2024), Боку (2023), Париж (2022), Дубай (2021), Вашингтон (2019), Бремен (2018) ва Аделаида (2017) каби шаҳарларда ўтган. Ушбу тадбирлар мезбон мамлакатлар учун космик соҳани ривожлантиришга катта туртки бўлган.
«Ўзбеккосмос»нинг фикрича, Самарқандда конгресс ўтказилиши халқаро сармоядорларни илм марказлари, технопарк ва стартаплар яратишга жалб этиб, космик технологияларда янги босқич бошланишига хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, Самарқанд шаҳри жорий йилда UNESCOнинг Бош конференцияси 43-сессиясига ҳам мезбонлик қилади. Бу сессия сўнгги 40 йил ичида илк марта Париждаги бош қароргоҳдан ташқарида ўтказилмоқда.