Тўқимачилик саноатига реклама харажатлари қоплаб берилади

29.09.2025 14:15 | 2 дақиқада ўқилади.

Тўқимачилик саноати корхоналарига халқаро «маркетплейс»ларда реклама харажатларини бир ой ичида қайтариб бериш механизмлари жорий этилди.

To'qimachilik

«Савдони ривожлантириш компанияси» АЖ томонидан тўқимачилик саноати корхоналари учун халқаро «маркетплейс»ларда реклама қилишда бир ойда ҳақиқий харажатлар қоплаб берилади.

Корхона амалга оширган экспорт ҳажмига қараб қопланадиган маблағ миқдори белгиланади. Масалан, 25 минг доллардан юқори экспортда 5 минг долларгача, 50 минг доллардан ошса 10 минг долларгача қоплаб берилади.

Шунингдек, 225 минг доллардан юқори экспорт қилган компаниялар 15 минг долларгача, 400 минг доллардан ортиқ экспорт амалга оширган корхоналар эса 20 минг долларгача компенсация олиши мумкин.

Молиявий қўллаб-қувватлашдан фойдаланиш учун тўқимачилик корхоналари махсус электрон платформа орқали ариза топшириши керак. Мурожаатлар https://subsidiya.epauzb.uz
портали орқали қабул қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 19 сентябрдаги ПФ–174-сонли фармони билан Ўзбекистонда енгил саноатни ривожлантириш агентлиги тузилди. Агентлик тўқимачилик, чарм-пойабзал, ипакчилик ва гиламчилик саноати соҳаларида устувор йўналишларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ваколатли давлат органи сифатида фаолият юритади.