Туркия ҳарбий кемалари Ғазога йўл олди

29.09.2025 19:45 | 2 дақиқада ўқилади.

Бу Туркиянинг Ғазода амалга оширилаётган гуманитар ташаббусга нафақат моддий, балки сиёсий ва ҳарбий қўллаб-қувватлаш кўрсатишга тайёрлигини англатади.

Turkey ships

Туркия ҳарбий-денгиз кучлари фрегатлари Ғазодан бир неча кунлик масофада жойлашган Глобал Сумуд гуманитар флотилиясини кузатиб боришни бошлади. Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, Туркия ҳарбий кемалари улар билан боғланиб, эҳтиёжларни аниқлаштирган ва қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирган.

Аввалроқ Италия ва Испания ҳам флотилияни ҳимоя қилиш мақсадида ўз ҳарбий кемаларини жўнатган эди.

Сўнгги кунларда гуманитар миссия йўналиши устида Чорлу ҳарбий аэродроми томонидан учирилган турк учувчисиз аппаратлари кузатилмоқда. Улар уч сутка давомида кемалар устида айланиб парвоз қилмоқда.

Global Sumud флотилиясининг мақсади – Ғазодаги оғир гуманитар инқирозни енгиллаштириш ва халқаро ҳамжамият эътиборини блокада оқибатларига қаратиш ҳисобланади.