АҚШ Ўзбекистон энергетикасига 4 млрд долларгача маблағ киритишни режалаштирмоқда

30.09.2025 22:30 | 5 дақиқада ўқилади.

Энергетика вазирига кўра. Ўзбекистон ва АҚШ 3-4 миллиард долларлик энергетика лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувга эришди.

Usa

Ўзбекистон ва АҚШ 3–4 миллиард доллар қийматидаги энергетика лойиҳалари юзасидан келишувга эришди. Бу ҳақда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервюсида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу лойиҳалар қатор халқаро компаниялар билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Мирзамаҳмудовга кўра, Air products компанияси билан бўлиб ўтган учрашувда янги инвестициялар киритишга тайёрлигини, янги йўналишлар излаётганини, турли йўналишларда диверсификация қилишга тайёрлигини билдирган.

«Масалан, шунингдек, биз газ-транспорт тизимида ёки ўша нефт-газ компаниялари қазиб чиқараётган газини ҳозирги кундаги мавжуд компрессор станциялар, сиқув компрессор станцияларидаги газ асосида ишловчи агрегатларни электрга алмаштириш ва электр двигателлар ўрнатиш бўйича ҳам йирик келишувларга эришдик ва бунга Американинг «Eximbank»и молиялаштиришга жуда катта қизиқиш билдиряпти», – дейди вазир.

Таъкидланишича, бундан ташқари, бурғилашда Schlumberger, Baker Hugsles компанияларининг янги технологиялари, тажрибалари, бошқарув методикасини қўллаш бўйича ҳам келишув имзоланган. Ҳамда Gulf компанияси билан биргаликда 100 миллион доллар атрофида Ўзбекистон бўйлаб алоҳида ёқилғи қуйиш шохобчаларини қуриш бўйича ҳам Ўзбекнефтгаз меморандум имзолаган.

Энергетика вазирининг қўшимча қилишича, АҚШ компаниялари билан жами лойиҳалар қиймати 3-4 млрд долларга борган.

«Аниқ рақамларга келадиган бўлсак, мана биргина компрессор станцияларнинг ўзидаги агрегатларни алмаштириш, бу икки-уч йиллик дастур, камида 800 миллион долларга баҳоланяпти. Ва ҳозирги кунда ўша Pan-Asia деган компания бу ишларни мувофиқлаштиради ва унинг маълумотига кўра, Eximbank томонидан 852 миллион доллар ушбу йўналишга кредит линиясини очишга тайёрлиги билдирилди. Бу фақатгина битта йўналиш. Агар барчасини олганда, албатта, янги лойиҳалар, бу мана Air products билан бўладиган лойиҳа, бу кўмирни газификация, синтез-газ олиб, ундан аммиак, метанол, бошқа қўшимча қийматли маҳсулотлар олиш бўйича лойиҳаларни инобатга олсак, 3-4 миллиард доллар атрофидаги янги, яқин келажакдаги истиқболли лойиҳалар деб баҳоласа бўлади», – дейди у.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Президент сафари давомида Air products компанияси бош ижрочи директори Эдуардо Менезесни ҳам қабул қилганди.

Президент матбуот хизматига кўра, айни пайтда компаниянинг Ўзбекистонга инвестициялари 1 миллиард доллардан ошган. GTL заводида саноат газларини қайта ишлаш, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида водород, «Навоийзот»да суюқ карбонат ангидрид ишлаб чиқариш каби лойиҳалар амалга оширилган.

Маълумот учун, Air products саноат газларини ишлаб чиқариш ва етказиб беришга ихтисослашган. Компаниянинг бозор капиталлашуви 63 миллиард АҚШ долларидан ортиқ. Ҳар йили дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатида 200 миллион тонна саноат газларини ишлаб чиқаради ҳамда 750 га яқин ишлаб чиқариш объектларини бошқаради.