Август ойида эҳтиёжманд оилаларга 4,1 млрд сўм компенсация тўланди

30.09.2025 14:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда август ойида электр энергияси ва табиий газ учун эҳтиёжманд оилаларга жами 4,1 млрд сўм компенсация маблағлари ажратилди.

Kompensatsiya1

Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, мазкур маблағ электр энергияси ва табиий газдан белгиланган меъёрдан ортиқ фойдаланган оилаларнинг тўловини қоплаш учун йўналтирилган. Президент қарорига кўра, аҳолига электр энергияси бўйича 150 кВт ва табиий газ бўйича 150 метр кубдан ортиқ сарф этилган қисми учун базавий меъёрдаги ва меъёрдан юқори нархлар орасидаги фарқ давлат ҳисобидан қоплаб берилади.

Август ойида қабул қилинган аризалар асосида 222 минг 887 оилага компенсация тайинланди. Шунингдек, 1 млн 711 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оила умумий тартибда компенсация олиш учун мурожаат қилган.

Ҳисобот даврида 3,6 млрд сўм электр энергияси учун, 552,7 млн сўм эса табиий газ учун компенсация ажратилгани қайд этилди. Бу кўрсаткич май—август ойлари давомида 350,6 минг оилага тўланган 17,3 млрд сўмлик умумий компенсация маблағлари таркибидаги навбатдаги қисм ҳисобланади.

Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, июл ойида 278,1 минг оилага 5,8 млрд сўм компенсация тўланган бўлиб, бу июн ойига нисбатан 71,3 минг оилага кўпроқ натижа қайд этилганини кўрсатган.

Эслатиб ўтамиз, 1 июндан эътиборан эҳтиёжманд оилалар учун газ ва электр энергияси бўйича компенсация олиш учун аризалар қабул қилинмоқда. Янги тизимга кўра, тўловлар фақат қиш мавсуми эмас, балки йилнинг ҳар ойида амалга оширилади.