Ўзбекистонда эҳтиёжманд фуқаролар учун ижтимоий карталар орқали амалга оширилган харидлардан қайтариладиган ҚҚС тизими соддалаштирилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Ҳукумат қарори билан тасдиқланган вақтинчалик низомга кўра, ойига энг кўпи 4,12 млн сўмлик харидлардан солиқ қайтарилиши мумкин. Бунинг энг юқори чегараси 494 400 сўмни ташкил қилади, яъни сарфланган маблағнинг 12 фоизига тенг.
Солиқ қўмитаси автоматлаштирилган дастур орқали солиқ суммасини аниқлаб, шу кундаёқ Иқтисодиёт ва молия вазирлигига юбориши белгиланган. Вазирлик эса Ғазначилик орқали маблағларни қоплаб, банкларга йўналтиради. Кейин пуллар бир иш куни ичида ижтимоий карталарга ўтказилади.
Мазкур тизим давлат раҳбари ташаббуси билан 2024 йил февралда эълон қилинган эди. Ижтимоий карталар бир вақтнинг ўзида ҳам тўлов воситаси, ҳам аҳолининг эҳтиёжманд қатламини белгилайдиган восита сифатида жорий этилмоқда.
Президент қарорига кўра, 2025 йилдан бошлаб мамлакат бўйлаб ижтимоий нафақа ва ёрдамлар айнан шу карталар орқали тақдим этилади. Шунингдек, ногиронлик, талабалик ёки уруш қатнашчиси мақоми каби ҳолатларни тасдиқлашда ҳам ижтимоий карталардан фойдаланиш назарда тутилмоқда.