Кремл Одесса ва Миколайив областлари Россияга қўшилишдан манфаатдор деб иддао қилди

30.09.2025 20:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Кремл Украинанинг Одесса ва Миколайив областлари аҳолиси Россия таркибига қўшилишни хоҳламоқда, деб баёнот берди. Украина ҳукумати эса бу даъволарни йирик шаҳарларни босиб олишга қаратилган тарғибот сифатида баҳоламоқда.

Peskov

Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, Одесса ва Миколайив аҳолиси Россияга қўшилишни истайди, аммо бу ҳақда очиқ овоз чиқариш «ҳаёт учун хавфли». У Россия армияси томонидан ушбу шаҳарлардаги инфратузилмалар мунтазам ўққа тутилгани ҳақида тўхталмади.

Херсон областига Москва томонидан тайинлаган раҳбар Владимир Салдо ҳам «агар референдум бўлса, Одесса ва Миколайив Россияга қўшилишга рози бўлади» деган. Унинг таъкидлашича, «бу шаҳарларда доимо ўзини Россиянинг бир қисми деб ҳис қилувчилар яшаб келган».

Россиянинг Украинадаги йирик шаҳарларга даъволари янгилик эмас. Бу йил апрелда президент маслаҳатчиси Николай Патрушев Одессани «Екатерина II асос солган ва икки аср давомида Россия шаҳари бўлиб келган», дея таърифлаган эди.
Май ойида Давлат думаси қўмита раиси Андрей Картаполов «Украина Россия шартлари асосида тинчликка рози бўлмаса, Одесса, Миколайив, Запорижжя ва бошқа ҳудудлардан айрилади», деб баёнот берган.

30 августда эса Россия Генштаби раҳбари Валерий Герасимовнинг ортидаги харитада Одесса ва Миколайив Россия таркибида кўрсатилгани журналистлар томонидан қайд этилган. Бу ҳол Москва ушбу шаҳарларни босиб олиш ниятларидан воз кечмаганини кўрсатади.