Мадагаскарда ҳукумат тарқатиб юборилди

30.09.2025 18:45 | 3 дақиқада ўқилади.

Мадагаскарда сув ва электр таъминотидаги узилишлар ортидан бошланган оммавий норозиликлар сабаб Президент Андри Ражоэлина ҳукуматни тарқатиб юборди.

Madagaskar

The Guardian нашрининг ёзишича, Мадагаскардаги сув ва электр узилишлари туфайли бошланган оммавий намойишларда камида 22 киши ҳалок бўлган, юздан зиёд фуқаро жароҳат олган. Бу эса 2023 йилда қайта сайланган президент учун жиддий синов бўлмоқда.

Ражоэлина давлат телеканалига берган интервюсида вазирлар ўз вазифаларини бажармаганини тан олди.

«Ҳукумат аъзолари вазифаларини бажармаган бўлса, буни тан оламиз ва узр сўраймиз. Янги бош вазир номзодлиги учун аризалар келаси 3 кун ичида қабул қилинади, сўнг янги ҳукумат шакллантирилади» — деди президент.

Норозиликлар давомида минглаб одамлар пойтахт Антананаривуда президент истеъфосини талаб қилди. Полиция митингларни тарқатиш учун кўп миқдорда кўз ёшартирувчи газ ва резина ўқлардан фойдаланган, натижада юзлаб одамлар жароҳатланган. БМТ Инсон ҳуқуқлари идораси айнан шу чоралар бир қатор ўлимларга сабаб бўлганини қайд этмоқда.

Расмий Ташқи ишлар вазирлиги эса БМТ ҳисоботларини рад этди ва маълумотларни расмий манбаларга асосланмаган «миш-миш» деб атади. Айни вақтда президент ёшлар билан мулоқот қилиш ва талон-тарождан зарар кўрган бизнесларни қўллаб-қувватлаш чораларини ваъда қилмоқда.

Ражоэлина 2009 йилда ҳарбий тўнтариш орқали ҳокимиятга келган, 2014 йилда истеъфо берган. У 2018 ва 2023 йилларда сайловларда яна ғалаба қозонган, аммо унинг рақиблари натижалар сохталаштирилганини даъво қилган.

Аввалроқ Қирғизистон парламенти тарихда илк бор ўзини ўзи тарқатиб юборган эди.