Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди тўрт нафар она тили ва адабиёт ўқитувчисининг Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги устидан киритган шикоятини қаноатлантирмаслик бўйича қарор чиқарди. Бу ҳақда Gazeta.uz суд қарори билан танишиб, хабар берди.
2025 йилнинг апрел-май ойларида
Ўзбекистоннинг турли мактабларида она тили ва адабиёт фанларидан дарс берувчи тўрт ўқитувчи вазирлик ҳузуридаги Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази томонидан педагогларнинг малака тоифа учун ўтказилган аттестация натижаларини ғайриқонуний деб ҳисоблаб, марказ устидан судга мурожаат киритганди.
Жорий йилнинг 8 сентябр куни фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида ҳал қилув қарори қабул қилинди. Мазкур иш судя Гули Шукруллаева раислигида кўриб чиқилган.
Суд қарорига кўра, судга 4 нафар даъвогар педагоглар: Н.М., Д.Э., Ш. Р. ва Аброр Камоловнинг ишончли вакили (адвокати) Назиржон Ҳотамжонов жавобгар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига нисбатан аттестация имтиҳонларини қайта ўтказиш мажбуриятини юклаш, ҳар бир даъвогар фойдасига 10 миллион сўмдан маънавий зарар, шунингдек, ҳар бир даъвогарнинг фойдасига 5 миллион сўмдан жами 20 миллион сўм миқдорда вакил харажатларини ундириш ҳақидаги даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Суд мажлисида даъвогарлардан бири, яъни Н.М.нинг ишончли вакили томонидан ариза тақдим қилиниб, унинг даъво аризасини кўрмасдан қолдириш сўралган. Суд Фуқаролик процессуал кодексининг 122-моддаси (аризани кўрмасдан қолдириш асослари) 9-бандига асосан, даъвогар Н.М.нинг даъво аризасини кўрмасдан қолдириш ҳақида хулосага келган.
Судда даъвогарларнинг адвокати Назиржон Ҳотамжонов даъво аризани қўллаб-қувватлаб, аттестация тест саволлари тестология қоидаларига риоя қилмаган ҳолда тузилганлиги, улар ўқитувчининг билим даражасини аниқлашга қаратилмаганлиги, аттестация жараёни учун синов материаллари тестологиянинг халқаро талаблари асосида, холислик ва махфийликни таъминлаган ҳолда шакллантирилиши лозимлиги, халқаро тестология стандартлари ҳар қандай баҳолашнинг валидлик ва ишончлилик талабларига жавоб бериши шарт қилиб белгиланганлигини таъкидлаган.
Шунингдек, у тестология назарияси ва амалиётига биноан синов материалларининг валидлигини тасдиқлаш учун улар олдиндан экспертизадан ўтказилиши, натижалари эса илмий ва статистик усуллар ёрдамида таҳлил қилиниши шартлигини, фақат шундан сўнг тест материаллари валидлик ва ишончлилик талабларига жавоб беришига ишонч ҳосил қилинганда амалиёт жорий этилишини қайд этган.
Адвокат тест синовларидан ўтган шахсларга етарли шароитлар яратилмаганлиги, «Х вариант» тест саволлари эрталаб синовдан ўтиб чиққандан кейин интернетда тарқалиб кетилганлиги, бу ҳолат куннинг иккинчи ярмида синовга кирган талабгорларга қулайликлар яратиб берганлиги, ёзилган апелляция шикояти чуқур ўрганиб чиқилмасдан барча даъвогарларга бир хил мазмундаги жавоб хати юборилганлигини баён қилиб, даъво аризани тўлиқ қаноатлантиришни сўраган.
Судда даъвогар Аброр Камолов даъво аризани тўлиқ қўллаб-қувватлаб, ишончли вакили томонидан берилган кўрсатмаларга қўшилишини, уларга қўйилган тест саволлари тестология талабларига жавоб бермаслиги, бундай тест саволларини тузиш мақсади тушунарсиз эканлиги, баъзи тест саволларида тўғри жавоб йўқлиги, шу сабабли унга берилган барча тест савол-жавобларини талаб қилиб олиб, экспертизадан ўтказиш лозимлиги, низомда белгиланган тартибга риоя қилинмаганлигини айтган ҳамда даъво аризани тўлиқ қаноатлантиришни сўраган.
Суд мажлисида жавобгар (вазирлик)нинг ишончли вакили Ж.Алижонов даъво аризани тан олмаган. У ўз нутқида даъвогарлар олдига қўйилган тест синовлари мажбурий ўтиш лозим бўлган тест имтиҳони эмаслиги, балки уларнинг натижаси бўйича катта имтиёзлар берилиши лозим бўлган синов ҳисобланиши, тест саволларининг барчаси бўйича экспертиза ўтказилиб, белгиланган тартибга риоя қилинган ҳолда тест саволлар базасига киритилганлиги, ҳар бир даъвогарнинг ёзган апелляция шикояти бўйича комиссия ташкил қилиниб, эътирозлари ўрганилиб, уларга рад жавоби берилганлиги баён қилган.
Шунингдек, у тест синовлари ўтказиш жараёнида барча шароитлар яратилган бўлиб, бутун жараён видео тасвирга олинганлиги, носозликлар рўй бермаганлиги юзасидан тегишли идоранинг жавоби тақдим қилинганлиги, яъни низомда белгиланган тартибда тест синовлари ўтказилиб, натижалари олинганлигини таъкидлаб, даъво аризани рад қилишни сўраган.
Суд мажлисида жавобгарнинг бошқа вакиллари: С.Хамраев, Н.Матназарова ва И.Тимошевлар ҳам Ж.Алижонов томонидан берилган кўрсатмаларга қўшилиб, даъво аризани рад қилишни сўраган.
Аниқланган ҳолатларга кўра, 2025 йил 23 апрель куни 3 нафар даъвогар она тили ва адабиёт фанидан ўтказилган аттестация тест синовларида иштирок этган. Улар қуйидагича балл йиғган:
Даъвогар Аброр Камолов педагогик маҳорат учун тузилган 10 та саволдан 4 тасига, мутахассислик фанидан тузилган 40 та саволдан 27 тасига тўғри жавобни белгилаб, 62 балл тўплаган;
Даъвогар Ш. Р. педагогик маҳорат учун тузилган 10 та саволдан 8 тасига, мутахассислик фанидан тузилган 40 та саволдан 33 тасига тўғри жавоб бериб, 82 балл йиғган;
Даъвогар Д.Э. педагогик маҳорат учун тузилган 10 та саволдан 5 тасига, мутахассислик фанидан тузилган 40 та саволдан 25 тасига тўғри жавоб бериб, 60 балл йиғган.
Педагоглар мазкур натижалари юзасидан апелляция шикоятлари киритган, аммо бу рад этилган. Шундан сўнг судга мурожаат қилишган.
Суд даъвогарларнинг жавобгар (вазирлик)га нисбатан аттестация имтиҳонларини қайта ўтказиш мажбуриятини юклаш, вакил харажатларини ундириш ва етказилган маънавий зиённи қоплаш ҳақидаги талабларини рад этиш бўйича қарор чиқарган.
Даъвогарлар адвокати Назиржон Ҳотамжоновнинг Gazeta мухбири билан суҳбатда таъкидлашича, у суд қарорининг ҳар бир бандидан норози.
«Биринчи инстанция суди чиқарган қарордан тўлиқ норозиман. 30 сентябрь куни фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судига аппеляция шикояти киритдик. Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судлов ҳайъати аппеляция инстанцияси кўриб чиққач, ўз хулосасини билдиради», — деган адвокат.