Москвада ўтган учрашувда «Ўзатом» ва «Росатом» Ўзбекистон атом энергетикаси соҳаси учун кадрлар тайёрлаш масаласини муҳокама қилди. Бу ҳақда «Ўзатом» агентлиги хабар берди.
Йиғилишда «Ўзатом» директори Азим Ахмедхўжаев ва «Росатом» бош директорининг кадрлар бўйича ўринбосари Татяна Терентьева иштирок этди. Улар кадрлар тайёрлаш режаси, ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш ва таълим дастурлари ҳақида фикр алмашдилар.
Май ойида Тошкентда имзоланган келишувга асосан, 2025 йил октябрда Миллий ядро тадқиқот университети (МИФИ)нинг Тошкент филиалида «Илғор муҳандислик мактаби» очилади. Бу ерда 20 та энг яхши талабалар таҳсил олади, энергия хизмати, нанотехнология ва радиацион мониторинг бўйича лабораториялар иш бошлайди.
Келгуси ўқув йилидан бошлаб Тошкентда ядровий мутахассисликлар бўйича магистратура дастурлари очилади. Шу билан бирга, 2026 йилдан Ўзбекистонлик битирувчилар «Росатом» объектларида амалиёт ўташ имкониятига эга бўлади.
Шунингдек, Жиззах вилояти Фориш туманидаги политехникум базасида АЭС учун ўрта махсус техник кадрлар тайёрлаш дастури ишлаб чиқилмоқда.
Учрашув якунида икки томон атом энергетикаси учун кадрлар тайёрлашни изчил давом эттиришга келишиб олди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззах вилоятида қуввати 2 ГВт бўлган катта ва 110 МВт қувватли кичик атом электр станциясини қурилиши ҳақида хабар берган эдик. Бу лойиҳа Ўзбекистоннинг энергетика секторидаги катта ислоҳотлардан бири ҳисобланади.