Ўзбекистон «IECEE»нинг расмий аъзоси бўлди

30.09.2025 16:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Бу қадам маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги бозор эшикларини очиши кутилмоқда.

Nimadur

Халқаро электротехника комиссияси қарорига кўра, Ўзбекистон стандартлар институти IECEEнинг аъзо идораси (Member body) сифатида расман қабул қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги хабар берди.

IECEE — электротехника жиҳозлари ва компонентларининг мувофиқлигини баҳолаш тизими бўлиб, унга 53 давлат аъзо. Тизим доирасида мамлакатлар сертификат ва синов натижаларини ўзаро тан олади. Бу савдодаги тўсиқларни камайтиради, экспорт имкониятларини кенгайтиради ва маҳаллий маҳсулотларга халқаро бозорларда талабни оширади.

Таҳлилларга кўра, IECEEга қўшилган давлатлар электротехника маҳсулотлари экспортини ўртача 30 фоиздан 1,5 баробаргача кўпайтирган. Шу боис, Ўзбекистоннинг ҳам ушбу тизимга қўшилиши маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини кучайтиради.

Ҳозирда «ЎзТест» қошида Миллий сертификатлаштириш идораси (NCB)ни ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда. Тошкентдаги лаборатория мажмуаси 983 та синов усулига эга бўлиб, маҳсулот турларида қамров даражаси 65 фоиздан 95 фоизгача кенгайиши кутилмоқда.

«Ўзэлтехсаноат» уйушмаси ҳам корхоналар иштирокида давра суҳбати ўтказиб, IECEE тизимининг имкониятлари ва талабларини ишлаб чиқарувчиларга етказди. Шунингдек, ISO/IEC 17025 халқаро стандартига мос равишда миллий лабораторияларни тайёрлаш, уларни IECEE котибиятига аъзо сифатида киритиш ишлари бошланган.