Мактаб таълими вазирлигини судга берган ўқитувчилар ютқазди
Шайхонтоҳур туманлараро суди тўрт нафар она тили ва адабиёт ўқитувчисининг Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига қарши даъво аризасини қаноатлантирмади. Педагоглар аттестация имтиҳонлари адолатсиз ўтказилганини, тест саволлари нотўғри тузилганини ва апелляция шикоятлари чуқур ўрганилмаганини айтган ҳолда, имтиҳонларни қайта ўтказиш, маънавий зарар ва сарфланган харажатларни қоплашни талаб қилган. Бироқ суд уларнинг талабларини рад этди.
Вазирлик вакиллари имтиҳонлар белгиланган тартибда, экспертиза асосида ўтказилганини ва барча шароитлар яратилганини таъкидлади. Ўқитувчилар эса тест саволларида хатолар борлигини, айрим вариантлар интернетга тарқалганини ва апелляциялар формал равишда рад этилганини билдиришди. Суд қароридан норози бўлган адвокат Назиржон Ҳотамжонов аппеляция шикояти киритганини маълум қилди.
Даъвогарлар адвокати Назиржон Ҳотамжоновнинг Gazeta мухбири билан суҳбатда таъкидлашича, у суд қарорининг ҳар бир бандидан норози.
«Биринчи инстанция суди чиқарган қарордан тўлиқ норозиман. 30 сентябрь куни фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судига аппеляция шикояти киритдик. Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судлов ҳайъати аппеляция инстанцияси кўриб чиққач, ўз хулосасини билдиради», — деган адвокат.
Президент 10 кунлик фавқулодда ҳолат эълон қилди
Ўзбекистонда пахта йиғим-теримини йўқотишсиз ташкил этиш мақсадида 10 кунлик фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Бу ҳақда 26 сентябр куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёев муаммоли ҳудудларда оператив штаблар тузиш, пахтани сифатли йиғиш ва фермерларнинг долзарб муаммоларини зудлик билан ҳал қилишни топширди. Шунингдек, прокуратура органларига ҳисоботларнинг ҳаққонийлигини таъминлаш, сохта рақамларга йўл қўймаслик ва пул тўловларини назорат қилиш вазифаси юкланди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотича, техника орқали йиғилган пахтанинг ҳар килосига 1373 сўм, қўлда йиғилганига эса ўртача 2000 сўм тўланади. Фермерлар давлат бюджети ҳисобидан ҳар килога 1000 сўм субсидия олади.
Туман ва шаҳар ҳокими ўринбосарлари сони қисқартирилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳасига мувофиқ, туман ва шаҳар ҳокимликлари фаолиятини такомиллаштиришга оид янги тартиб таклиф этилмоқда. Лойиҳага кўра, ҳоким ўринбосарлари сони қисқартирилиб, уларнинг умумий сони 4 нафар этиб белгиланиши назарда тутилган.
Ҳозирги кунда туман ва шаҳар ҳокимлари таркибида 6 нафар ўринбосар фаолият кўрсатмоқда.
Лойиҳа ишлаб чиқилишида ҳокимликлар фаолиятини оптималлаштириш, масъулиятни аниқ тақсимлаш ҳамда қарор қабул қилиш жараёнини соддалаштириш мақсад қилинган. Шу орқали маҳаллий бошқарув органларининг иш юритиш тизимида шаффофлик ва ҳисобдорлик кучайтирилиши таъкидланмоқда.
Август ойида эҳтиёжманд оилаларга 4,1 млрд сўм компенсация тўланди
Ўзбекистонда август ойида электр энергияси ва табиий газ учун эҳтиёжманд оилаларга жами 4,1 млрд сўм компенсация маблағлари ажратилди. Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, мазкур маблағ электр энергияси ва табиий газдан белгиланган меъёрдан ортиқ фойдаланган оилаларнинг тўловини қоплаш учун йўналтирилган. Президент қарорига кўра, аҳолига электр энергияси бўйича 150 кВт ва табиий газ бўйича 150 метр кубдан ортиқ сарф этилган қисми учун базавий меъёрдаги ва меъёрдан юқори нархлар орасидаги фарқ давлат ҳисобидан қоплаб берилади.
Август ойида қабул қилинган аризалар асосида 222 минг 887 оилага компенсация тайинланди. Шунингдек, 1 млн 711 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оила умумий тартибда компенсация олиш учун мурожаат қилган. Эслатиб ўтамиз, 1 июндан эътиборан эҳтиёжманд оилалар учун газ ва электр энергияси бўйича компенсация олиш учун аризалар қабул қилинмоқда. Янги тизимга кўра, тўловлар фақат қиш мавсуми эмас, балки йилнинг ҳар ойида амалга оширилади.
Ўзбекистонга 8 ой ичида 7,5 миллион сайёҳ ташриф буюрди
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январ-август ойларида Ўзбекистонга 7,5 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрди. Энг кўп туристлар Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистондан келган. Қирғизистондан келган сайёҳлар сони 2,16 миллион нафарга етди, бу 48,9 фоиз ўсиш демакдир. Қозоғистондан 1,769 миллион киши (+73,5 фоиз), Тожикистондан эса 1,699 миллион нафар турист (+15,6 фоиз) келган. Россиядан ташриф буюрганлар сони 25 фоизга ошиб, 663,2 минг нафарга етди.
Афғонистон сайёҳлари биринчи марта йирик ўнликка кириб, 304,5 минг киши билан бешинчи ўринни эгаллади. Туркманистондан келган 243,5 минг меҳмон эса олтинчи ўриндан жой олди. Ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан икки баробардан кўп ўсган.
Узоқ хориждан келганлар орасида Хитой етакчи бўлди — 135,4 минг сайёҳ, бу бир йил аввалгига нисбатан уч баробардан кўпдир. Туркиядан келганлар сони 113,1 минг нафарга етган бўлса-да, рейтингда саккизинчи ўринга тушди. Шунингдек, Ҳиндистондан 42,2 минг, Жанубий Кореядан эса 30 минг турист ташриф буюрган.