Ўзбекистонда капитал бозорини ривожлантириш ва аҳоли молиявий саводхонлигини ошириш мақсадида шахсий инвестиция ҳисобварақлари (ШИҲ) тизими жорий этилди. Бу механизм фуқароларга қимматли қоғозларга сармоя киритиш билан бирга, солиқ имтиёзларидан фойдаланиш имкониятини тақдим этади.
ШИҲ тизими Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 2 сентябрдаги қарорига асосан ишлаб чиқилиб, 2024 йил июн ойида Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган низом орқали йўлга қўйилди. Унга кўра, фуқаролар иш ҳақи ва бошқа даромадларининг бир қисмини ШИҲга йўналтириши ва маҳаллий фонд бозоридаги қимматли қоғозларга сармоя киритиши мумкин.
Энг муҳим жиҳат шундаки, Солиқ кодексининг 378-моддасига мувофиқ, ушбу маблағлар 12 фоизлик жисмоний шахслар даромад солиғидан озод этилади. Бунда икки шарт бажарилиши зарур: биринчидан, бир йилда йўналтирилган маблағ энг кам иш ҳақининг 100 бараваридан ошмаслиги, иккинчидан эса маблағлар камида 12 ой давомида ҳисобварақига қайтариб олинмаслиги керак.
ШИҲлар бир йиллик шартнома асосида инвестиция воситачилари орқали очилади. Жараён оддий: фуқаро ариза ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади, шундан сўнг ҳисоб очилади ва маблағ қимматли қоғозларга йўналтирилади. Олинган фойда эса солиқлар ҳисобидан кейин тўлиқ ҳолда инвесторга қайтарилади.
Бундай механизмлар дунёнинг кўплаб мамлакатларида самарали қўлланиб келмоқда. Масалан, Британияда — ISA, Германияда — Rürup-Rente, АҚШда — IRA, Японияда — NISA, Россияда эса 2015 йилдан буён ИИС тизими амал қилиб келмоқда. Улар орқали аҳоли сармоя фаолияти кучайган ва капитал бозорига ички маблағ оқими ошган.
Ўзбекистонда ҳам ШИҲ жорий қилиниши молия бозори учун янги босқич бўлиб, фуқароларга узоқ муддатли жамғармалар яратиш, молиявий интизомни шакллантириш ва қўшимча даромад топиш имконини беради. Корхоналар учун эса ШИҲ орқали тўпланган капитал янги лойиҳаларни молиялаштиришда муҳим манба бўлади.
Яқин йилларда ШИҲ оммавийлашса, жамғарма тушунчаси аста-секин инвестиция маданиятига айланиши мумкин. Бу эса нафақат инвесторлар, балки бутун молия тизими ривожига ҳисса қўшиши кутилмоқда.