Путин: «Махсус операция» энди Россиянинг «адолат жанги»га айланди

30.09.2025 21:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Россия президенти Украина ҳудудларини босиб олишни «адолат жанги» деб атади ва ишғол қилинган шаҳарларда яшаш учун зарур шарт-шароит йўқлигини тан олди.

Svo

Россия Федерацияси президенти Владимир Путин Украина ҳудудларининг Россияга қўшиб олинишининг уч йиллиги муносабати билан видеомурожаат йўллади. Бу ҳақда The Moscow Times хабар бермоқда.

Путиннинг сўзларига кўра, Москва Луганск, Донецк, Запорижжя ва Херсондаги «миллионлаб ватандошлар»нинг Россия билан бирлашиш қарорини ҳимоя қилмоқда.

«Бугун бу танловни ҳимоя қилиб, жангчиларимиз ва қўмондонларимиз ҳужумга ўтмоқда, адолатли жанг олиб бормоқда ва бутун мамлакат, бутун Россия меҳнат қилмоқда. Ватанга бўлган муҳаббатимизни ва тарихий тақдир бирлигини биргаликда ҳимоя қиламиз», – деди Путин.

Шу билан бирга, Путин ишғол этилган ҳудудлардаги аҳоли катта қийинчиликка дуч келаётганини тан олди. Унинг сўзларига кўра, сув таъминоти, тиббиёт ва бошқа соҳаларда жиддий муаммолар мавжуд. Россия раҳбари бу муаммоларни ҳал қилиш учун «тарихий рус ерларини тиклаш дастури» амалга оширилаётганини айтди.

Эслатиб ўтамиз, Россия 2022 йил сентябрида референдумлар ўтказиб, ушбу тўрт вилоятни ўз таркибига қўшган эди. Бироқ Россия ҳеч қачон уларнинг тўлиқ ҳудудини назорат қила олмаган. Ҳозирда Кремл Украинанинг тахминан 20 фоизини ишғол остида ушлаб турибди.