Женнифер Лопеснинг августда Олмаотага келиб ўтказган концерти атрофидаги ажиотаж ҳам бу сафарги футбол воқеалари қаршисида сояда қолди. 30 сентябрь, сешанба куни, Қозоғистоннинг «Қайрат» жамоаси УЕФА Чемпионлар Лигаси умумий босқичида дунёнинг энг нуфузли клубларидан бири — Мадриднинг «Реал» жамоасини қабул қилади.
Испания матбуоти бу тўқнашувни «Довуд ва Жолут»нинг футболидаги талқини деб атаяпти. «Қайрат» барча кўрсаткичларда — бюджет, футболчилар нархи, ижтимоий тармоқдаги обуначилар сонида «Реал»дан ўн карра, ҳатто юз карра орқада. Бу эса ўйинга қизиқишни янада оширмоқда.
Чипта нархи — квартира баҳосида, навбатда — миллион киши
Матч учун курашми, байрамми — Олмаота шунга тайёрланмоқда, деб ёзади Қозоғистонга «Қайрат» – «Реал» учрашувини ёритиш учун келган испаниялик AS нашри мухбирининг репортажи.
Чипталар 23 сентябрдан бошлаб сотувга чиққан ва бир неча соат ичида тўлиқ тугаган. Энг арзон чипталар 30 минг танга (720 минг сўм атрофида)дан бошланган бўлса, стадионнинг марказий секторларидаги энг яхши жойлар 250 минг танга (6 млн сўм)га баҳоланган. Шунга қарамай, мамлакат аҳолисининг қарийб 5 фоизи — 1 миллионга яқин киши ўйинга ташриф буюриш истагини билдирган.
Онлайн рўйхатдан ўтиш бошланган пайтдаёқ Қозоғистон бўйлаб минглаб футбол ишқибозлари виртуал навбатдан жой эгаллашга шошилишган. Баъзилар ҳатто ўз компютери олдида кутиб ўтиришган, аммо платформа хизматини қайта ишга тушириб, илгарироқ рўйхатдан ўтганлар билан кейинчалик рўйхатдан ўтганлар имкониятини тенглаштирди.
Омад кулиб боққан мухлислар бир қўлга фақат иккитадан чипта олиш имконига эга бўлишди. Аммо бу катта ажиотаж фонида дарров чипталарни қайта сотишга уринаётганлар ҳам топилди: юзлаб эълонларда билетлар нархи 1 миллион танга (23 млн сўм)гача етган. Ҳатто бир киши иккита чипта учун 23,8 миллион танга талаб қилган ёки уларни Астанадаги бир хонали квартирага алмаштиришни таклиф этган. Бу ҳазилми ёки йўқ — номаълум.
Шу билан бирга, чиптасиз қолганлар ҳам умидни йўқотмаган. Стадионга яқин жойлашган уйларнинг аҳолиси аренани кўриб турувчи ойнали хоналарни ёки бино томларини мухлисларга ижарага таклиф қилмоқда. Шунингдек, учрашувни кўриш учун қўшни давлатлар ва Марказий Осиёдан минглаб мухлислар келиши кутилмоқда, деб ёзади РБК.
Юзлаб мухлислар аэропортда, стадион эса таъмирланмоқда
Мадриднинг «Реал» жамоаси якшанба кундан душанбага ўтар кечаси 12 соатлик парвоздан сўнг Олмаотага етиб келди. Дунёнинг энг машҳур футбол клубларидан бирининг парвозини FlightRadar24 хизматининг 20 мингдан ортиқ фойдаланувчиси кузатуб борди — бу ўша туннинг энг машҳур рейсига айланди.
Аэропортда «Реал» футболчилари учун тантанали кутиб олиш маросими уюштирилди: миллий либосдаги мусиқачилар Чемпионлар лигаси гимнини қозоқ анъаналари услубида ижро этишди.
Кеч бўлишига қарамай, аэропортга «Реал»нинг мингга яқин маҳаллий мухлислари ҳам келган. Аммо уларни ранжитувчи ҳолат кутиб турди — мадридликлар тўғридан тўғри VIP чиқиш орқали чиқиб, тўпланган омма ёнидан ўтмасдан меҳмонхонага йўл олишди. Шу боис баъзи мухлислар ҳатто ўз кумирларини ҳуштакбозлик билан кутиб олишган.
Меҳмонхона олдида ҳам бир неча юз киши тўпланди. Гап‑сўзларга кўра, баъзи инсонлар Мбаппе, Винисиус ва бошқа юлдузлар билан суратга тушиш имконини қўлга киритиш учун ҳатто олдиндан улкан пуллар эвазига хоналарни брон қилган. Бироқ уларнинг бронлари бекор қилинган. Чунки Реал Олмаотадаги «Intercontinental» меҳмонхонасидаги барча номерларни сотиб олган — ҳеч ким халақит қилмаслиги учун.
Олмаотадаги марказий стадион 1958 йили қурилган бўлиб, ҳозирги европача замонавий комплекслар даражасига жавоб бермайди. Аммо маҳаллий маъмурият учрашувга тайёргарлик кўришга жиддий киришган: кириш жойларидаги эски занглаган тўсиқлар олиб ташланиб, янги турникетлар ўрнатилмоқда, деворларда эса граффити рассомлари «Қайрат» клубининг сариқ ва қора рангдаги улкан композицияларини чизмоқда.
Чим ҳолати яхши деб баҳоланмоқда. Стадионнинг собиқ ходими сўзларига кўра, яқиндаги Женнифер Лопес концертидан кейин майдон бироз зарар кўрган бўлса‑да, агрономлар хизмати уни тезда яхши ҳолатга келтирган.
Ҳар бир футболчига — битта автомашина
«Қайрат» жамоаси футболчилари «Реал»га қарши учрашувда мухлислар томонидан мислсиз қўллаб-қувватлашни ҳис этишади. Шундай экан, уларда мотивация етишмаслиги мумкин эмас. Бу сафар мадридликлар Қозоғистонга деярли тўлиқ асосий таркиб билан ташриф буюришган бўлса-да, «Қайрат» ўз уйида кўтаринки руҳда майдонга чиқади.
Футболчиларнинг руҳий ҳолатини янада кўтариш мақсадида мамлакатдаги энг бой тадбиркорлардан бири — Турсинғали Алагузов ғалаба қозонилса, ҳар бир ўйинчига биттадан Hyundai Sonata автомобили совға қилишини ваъда қилди. Машиналар «Олға, Қайрат!» шиори туширилган янги седанлардан иборат бўлади.
Шу билан бирга, жамоа бош мураббийи Рафаэл Уразбахтин таъкидлашича, унинг шогирдлари ҳеч қандай мукофотларсиз ҳам майдонга улкан иштиёқ билан чиқишмоқда. Унинг таърифича, дунёнинг энг кучли жамоаларидан бири — «Реал»га қарши ўйнаш футболчилар учун ҳам орзу, ҳам синовдир.