Россияда бюджетни тўлдириш учун алкогол ва тамакига акцизни кескин оширишмоқчи

30.09.2025 09:03 | 3 дақиқада ўқилади.

Январдан бошлаб Россия алкогол ва тамаки маҳсулотларига акцизни инфляциядан анча юқори миқдорда оширади.

Alcogol

Бюджетни тўлдириш мақсадида Россия ҳукумати 2026 йил 1 январдан бошлаб арақ, вино, пиво ва барча турдаги тамаки маҳсулотларига акциз ставкаларини кескин оширишни режалаштирмоқда. Янги таклифлар Давлат думасига киритилган Солиқ кодексига ўзгартишлар лойиҳасида назарда тутилган.

Кучли алкогол ичимликлар учун акциз 11,4 фоизга оширилади. 18 градусдан юқори ичимликлар учун ставкалар 1 литр тоза спирт учун 824 рублга етказилади. Тоза спирти камроқ бўлган маҳсулотлар учун эса акциз 148 рублдан 165 рублга кўтарилади.

Шампан виноси учун акциз 28 фоизга, оддий вино учун 31 фоизга ошади. Пивога (8,6 фоизгача) акциз 30 рублдан 33 рублга чиқади. Сидр, пуаре ва асалдан тайёрланган ичимликларга ҳам шундай ставкалар белгиланган.

Тамаки учун ҳам кескин ўсиш белгиланган: 2026 йилда сигаретларга акциз 11,3 фоизга, тамакига — 7 фоизга оширилади. Сигаралар учун ставка 315 рублдан 351 рублга, тамакини қиздиришга мўлжалланган қурилмалардаги маҳсулотлар учун эса 1 кг учун 9807 рублдан 10 915 рублга чиқади. Электрон сигаретлардаги суюқликлар 1 мл учун 44 рубл ўрнига 49 рубл этиб белгиланади.

Акцизлар оширилиши орқали давлат 2026–2028 йилларда федерал бюджетга 213,7 млрд рубл қўшимча даромад тушишини кутмоқда. Бу ўзгаришлар йил якунидаги 6,8 фоизлик инфляция прогнозидан анча юқори. Шу билан бирга, Россиянинг бюджет танқислиги 2026 йилда 3,78 трлн рубл, 2027 йилда — 3,18 трлн, 2028 йилда — 3,51 трлн рублга баҳоланмоқда.