Ўзбекистон ҳукумати «Самарқанд автомобил заводи» (SamAuto)даги давлат улушининг 75,2 фоизини хусусийлаштириш бўйича келишувга эришди, деб хабар бермоқда давлаи активларини бошқариш агентлиги.
Ушбу келишув 2024 йил июнда президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга олий даражадаги ташрифи давомида «Anadolu Isuzu» компанияси билан имзоланган меморандуми асосида амалга оширилди. Бу жараёнда молиявий маслаҳатчи сифатида «KPMG», юридик маслаҳатчи сифатида эса «Dentons» жалб қилинди.
«Anadolu Isuzu»нинг таклифида 80 млн долларлик сотиб олиш нархи ва 80 млн доллар инвестиция киритиш мажбурияти белгиланган. Инвестициялар доирасида Ўзбекистонда 12–18 метрли автобус ва электробуслар ишлаб чиқариш, лицензияланган сервис марказлари ташкил этиш ва маҳсулотни Марказий Осиё, Жанубий Кавказ, Яқин Шарқ ҳамда Африкага экспорт қилиш режалаштирилмоқда.
Заводнинг бошқа иштирокчилари — Япониянинг «ITOCHU CORP.» ва «ISUZU MOTORS Ltd.» (ҳар бири 12,4 фоизлик улушга эга) ҳам битимни қўллаб-қувватлади. Ушбу таклиф молиявий маслаҳатчи ва мустақил баҳоловчи «PwC» томонидан белгиланган қиймат диапазонига мос келади.
Приватизация натижалари давлат комиссияси томонидан маъқулланди. Бироқ битим якунланиши учун Туркиянинг тегишли органларидан рухсат олиниши зарур.