OpenAI бош директори Сем Алтман сунъий интеллект соҳасидаги ривожланиш тезлиги ҳақида фикр билдириб, 2030 йилга келиб моделлар инсон имкониятларидан ошиб кетиши мумкинлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, GPT-5 каби моделлар аллақачон айрим соҳаларда одамлардан ақллироқ ишламоқда.
Алтман яқин йилларда янги «ҳайратланарли» моделлар пайдо бўлишини ва 2026 йилга келиб уларнинг имкониятлари сезиларли ошишини қайд этди. Унинг таъкидлашича, 2030 йилга келиб сунъий интеллект инсон учун мутлақо имконсиз бўлган вазифаларни бажара олади.
«Яқин келажакда иқтисодиётдаги вазифаларнинг 30−40 фоизини сунъий интеллект бажарадиган дунёни осонгина тасаввур қила оламан», — деди Алтман.
Алтмандан Apple’нинг собиқ бош дизайнери Жони Айв билан ҳамкорликда ишлаб чиқилаётган янги қурилма ҳақида ҳам сўрашди. Унга кўра, режада «қурилмалар оиласи» бор, лекин ҳозир тадқиқот босқичи давом этмоқда ва прототиплар яқин орада тайёр бўлмайди.
OpenAI’нинг тижорат йўналишига ўтиши бўйича танқидларга жавобан Алтман компаниянинг нотижорат тузилмаси сақланиб қолишини, у доимо фаолият кўрсатишини таъкидлади.
Аввалроқ АҚШнинг Фремонт шаҳридаги Tesla заводида саноат роботи техник мутахассисга ҳужум қилиб, оғир жароҳат етказган эди.