Тожикистонда болаларга ижтимоий тармоқ тақиқланиши таклиф этилди

30.09.2025 19:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Тожикистонда болаларнинг ижтимоий тармоқдан фойдаланишини чеклаш масаласи парламент ва жамоатчилик муҳокамасига чиқди.

Social networks

Парламент қуйи палатаси депутати Дилноза Ахмадзода ўз мақоласида 14 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқдан бутунлай фойдаланишни тақиқлашни таклиф қилди. Унингча, болаларни ёлғон ва зарарли ахборотдан ҳимоя қилишга қаратилган 2025 йилги қонунга киритилган ўзгаришлар етарли самара бермайди.

Таклифга мувофиқ, 14 ёшдан кичик болаларга ижтимоий тармоққа кириш бутунлай тақиқланади. 14 ёшдан 17 ёшгача бўлган ўсмирлар эса фақат ота-оналарининг ёзма розилиги билан фойдалана олади.

Бироқ рақамли технологиялар ва инсон ҳуқуқлари бўйича экспертлар бу таклифга эҳтиёткорона ёндашмоқда. Улар тўлиқ тақиқ амалий жиҳатдан қийинлигини ва асосий муаммоларни ҳал этмаслигини таъкидламоқда. Мутахассислар фикрича, болаларни интернетдан узиб қўйиш ўрнига рақамли гигиена ва танқидий фикрлашни ўргатиш, ота-оналар ҳамда ўқитувчиларни жалб этиш самаралироқ йўл ҳисобланади.

Болаларга нисбатан бундай чекловлар бир нечта давлатларда бор.

АҚШнинг Флорида штатида 14 ёшгача бўлганлар аккаунт оча олмайди.
Францияда 15 ёшгача рўйхатдан ўтиш учун ота-она розилиги талаб қилинади.
Хитойда 14 ёшгача бўлганлар учун кунлик 40 дақиқа лимит ва кечки вақтда тақиқ жорий этилган.
Германияда эса онлайн хизмат кўрсатувчилар болаларни зарарли хатарлардан ҳимоя қилиш бўйича қатъий стандартларга риоя этиши шарт.