АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Ғазо урушини тугатиш ва тинчлик ўрнатиш учун мўлжалланган 20 бандлик дастурни эълон қилди. Ҳужжат администрациянинг RapidResponse47 номли расмий тезкор канал орқали жойланди.
Асосий шартлардан бири — жанговар ҳаракатларни дарҳол тўхтатиш ва Исроил қўшинларининг сектордан чиқиши ҳисобланади. Ҳужжатга кўра, Исроил Ғазони босиб олмаслиги ва аннексия қилмаслиги кафолатланади.
Шартнома тан олинганидан кейин 72 соат ичида барча гаровдагилар озод этилиши керак. Бунинг ортидан Исроил 250 нафар умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган шахс ва 1700 нафар ғазоликни қамоқхоналардан озод қилади.
ҲАМАС аъзолари қурол ташлаб, келишувга қўшилса, амнистия олиши ва секторни тарк этиши мумкин бўлади. Ғазони бошқариш учун «Фаластин қўмитаси» деб номланган вақтинчалик ҳукумат тузилади. У халқаро «Тинчлик кенгаши» назорати остида ишлайди ва унинг раҳбари Трамп бўлади.
Дастурда Ғазодаги ҳарбий инфратузилмалар йўқ қилинишини, шунинг эвазига кенг кўламли тикланиш ва «Дубай намунасидаги» иқтисодий режа амалга оширилишини назарда тутади.
«Келинглар, буни Яқин Шарқда абадий тинчлик деб атайлик», — деди Доналд Трамп Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан учрашувда.
Аввалроқ Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Трамп ҳузурида Қатар амиридан кечирим сўрагани ҳақида хабар берган эдик.