Аҳолини рўйхатга олиш жараёни икки босқичда амалга оширилади

01.10.2025 11:10 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёни ва унинг аҳамияти ҳақида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Aholi

2025 йил 30 сентябр куни Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш тўғрисида»ги ПФ-173-сон Фармонининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти юзасидан матбуот анжумани ўтказилди. Анжуманга Миллий статистика қўмитаси раҳбарияти, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этди.

Фармонга кўра, Ўзбекистонда ахолини рўйхатга олиш сўнгги марта 1989 йилда амалга оширилган. Шу сабабли, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш 2026 йил 15 январдан 28 февралгача ўтказилади. Рўйхатга олиш жараёни икки босқичда амалга оширилади: биринчидан, census.stat.uz портали орқали онлайн рўйхатдан ўтиш имконияти яратилади, иккинчидан эса «маҳалла еттилиги» аъзолари иштирокида уйма-уй юриб маълумот йиғилади.

Сўровнома 71 та саволдан иборат бўлиб, уларнинг 54 таси аҳолига, 17 таси қишлоқ хўжалигига оид. Саволлар асосан демографик кўрсаткичлар, аҳолининг даромад манбаи, бандлиги, таълим даражаси ва қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ саволларни қамраб олади.

БМТ Аҳолишунослик жамғармаси ва БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти экспертлари Ўзбекистондаги рўйхатга олиш жараёнининг халқаро стандартларга мослигини ва унинг натижалари халқаро миқёсда эътироф этилишини таъкидладилар.

Аҳолини рўйхатга олиш 37 йил ортга сурилган жараён. Ўзбекистон бирор марта аҳолини рўйхатдан ўтказмаган ягона постсовет давлати. Режалар бир неча бор элон қилинган, ҳатто 2022 йилда Жаҳон банкидан 50 млн доллар кредит ҳам олинган. Бироқ жараён пандемия, маблағ етишмаслиги ва ташкилий сабаблар билан ортга сурилиб келмоқда.