Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Air Samarkand хусусий авиакомпанияси ходимларига уч ойдан бери иш ҳақи тўланмаётгани билан боғлиқ ҳолатни назоратга олди. Вазирлик матбуот котиби Гулноза Алимованинг маълумот беришича, ходимлар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Самарқанд шаҳар фуқаролик ишлари бўйича судига даъво аризаси киритган.
Маълумотларга кўра, вазирликка ўнга яқин ходимдан июндан август ойигача тўланмаган маошлар бўйича расмий шикоят келиб тушган. Давлат меҳнат инспекцияси уларнинг талабларини қондириш мақсадида умумий ҳисобда 1,5 миллиард сўм миқдорида даъво аризаси тайёрлаган.
Даъвода ходимларга фақат қарздорлик эмас, балки Меҳнат кодексининг 333-моддасига мувофиқ ҳар бир кечиккан кун учун компенсация ҳам ҳисобланиши кўзда тутилган. Бу орқали ишчиларнинг ҳуқуқлари тўлиқ ҳимоя қилиниши кутилмоқда.
Вазирлик шунингдек, аҳолини меҳнат ҳуқуқлари бузилганда бевосита мурожаат қилишга чақирди. Мурожаатлар учун 1176 ишонч рақами, (71) 200-06-00 телефонлари ва махсус Telegram-бот орқали алоқа қилиш имконияти мавжуд.
Air Samarkand атрофидаги вазият кенг муҳокамага сабаб бўлмоқда. Масалан, айрим ходимлар узоқ вақт давомида нафақат маош, балки уй ижараси ва кундалик эҳтиёжлари учун ҳам маблағ ололмаётганини билдирган. Суд жараёни авиакомпаниянинг келгуси фаолияти ва ходимлар манфаатлари учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга.