Фарғонада ИИБ ходимлари фермер уйига кириб, унга тўппонча ўқталди

01.10.2025 16:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Фарғонанинг Риштон туманида ички ишлар ходимлари фермер уйига кириб, унга қурол билан таҳдид қилгани ҳақида видеолар тарқалди.

Farg'ona

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларга кўра, Фарғона вилоятининг Риштон туманида ички ишлар органлари ходимлари маҳаллий фермер уйига кириб, унга нисбатан босим ўтказган. Хусусан, «Булоқбоши гулшани» фермер хўжалиги раҳбари ҳодиса чоғида унга зўравонлик қилинганини ва ҳатто тўппонча ўқталганини иддао қилмоқда. Унинг айтишича, можаро пайтида онаси ҳам жабрланган.

Фермер ўз мажбуриятларини бажарганини, ғалла ҳосилини яширмаганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, босим сунъий равишда яратилган баҳоналар асосида амалга оширилган.

Риштон тумани ҳокимлиги масалага муносабат билдириб, фермерлар давлат олдидаги мажбуриятларини тўлиқ бажариши зарурлигини қайд этди. Ҳоким ҳодиса тафсилотларини тўлиқ билмаслигини, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолар ҳали ўрганилмаганини маълум қилди. Шу билан бирга, тумандаги бошқа фермерлардан бири кимёвий восита топширмагани учун 5 суткага маъмурий жавобгарликка тортилиши ҳам маълум қилинди.

Мазкур ҳолат юзасидан Бизнес-омбудсман ҳам муносабат билдирди. У тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари қонунчилик билан кафолатланганини эслаб ўтди ва фермерларга нисбатан асоссиз тазйиқ ўтказилиши мумкин эмаслигини қатъий таъкидлади.

Айни пайтда ҳодиса Бизнес-омбудсман девони томонидан ўрганилмоқда. Масала юзасидан якуний хулоса тегишли органлар текширувидан сўнг маълум бўлади.