Ўзбекистон энергетика тизими қиш мавсумидаги юқори юкламаларга тайёрланмоқда

01.10.2025 13:15 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йил куз-қиш мавсумида электр энергияси истеъмоли рекорд даражада ошиши кутилмоқда. Талаб суткада 300 миллион кВт/h дан, тармоқ юкламаси эса 13 ГВтдан ошиши мумкин.

Shtjifl3cp22wmq3irqbjwcqaw3wg2no

Ўзбекистон энергетика тизими қиш мавсумидаги юқори юкламаларга тайёргарлик ишларини якунлаб бормоқда. «Миллий электр тармоқлари» раҳбари Дадажон Исақулов 5 октябрга қадар тизим пик юкламаларга тўлиқ тайёр бўлишини билдирди. Электр энергиясига бўлган талаб суткалик ҳисобда 300 миллион кВт/hдан, тармоқ юкламаси эса 13 ГВтдан ошиб кетиши кутилмоқда.

Пойтахт Тошкентда энергетика инфратузилмасини янгилаш учун қиймати 64 миллиард сўмлик дастур амалга оширилмоқда. Унга кўра, 319 километр кабел алмаштирилади ва 48 та трансформатор янгиланади. Лойиҳанинг биринчи босқичи 1 ноябрга қадар, тўлиқ якун эса йил охирига режалаштирилган.

Иситиш мавсумига тайёргарлик ҳам кучайтирилган. Президент танқидидан сўнг, пойтахтдаги 661 уйда зарур ишлар жадаллаштирилмоқда. Шунингдек, 53 подстанция, 900 километрдан ортиқ юқори кучланишли кабел ва 19 та янги подстанция тайёрланмоқда.

Газ таъминоти бўйича ҳам қатор чоралар кўрилган. Мамлакатда 330 минг тонна суюлтирилган газ захира қилинган, ҳудудларга эса 40 мингдан зиёд захира баллонлар юборилган. Бу чоралар қишда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини узлуксиз газ билан таъминлашга хизмат қилади.

Ўзбекистон 2030 йилга қадар «яшил» энергетика улушини 25 фоизга етказишни мақсад қилган. Шу доирада қуёш ва шамол манбалари ҳисобидан қўшимча 12 ГВт қувват ишга туширилиши режалаштирилган. Мутасаддилар фикрича, бу мамлакатнинг энергетик мустақиллигини таъминлашда муҳим қадам ҳисобланади.

Аввалроқ АҚШ Ўзбекистон энергетикасига 4 млрд долларгача маблағ киритишни режалаштираётгани ҳақида хабар берган эдик.