Ўзбекистонда ўқитувчиларнинг 71 фоизини аёллар ташкил қилади

01.10.2025 12:30 | 3 дақиқада ўқилади.

2024/2025 ўқув йили бошига мамлакатда умумий ўрта таълим муассасаларида фаолият юритаётган ўқитувчилар сони 564,9 минг нафарга етди.

Image 2025 10 01 09 47 43

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2024/2025 ўқув йили бошида умумий ўрта таълим муассасаларида фаолият юритаётган ўқитувчилар умумий сони 564,9 минг нафарни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2015/2016 ўқув йилига нисбатан 170,9 минг нафарга кўп бўлиб, ўсиш 43,4 фоизни қайд этди.

Маълумотларга кўра, ўқитувчиларнинг катта қисми аёллар ҳиссасига тўғри келади. Жумладан, 401,3 минг нафар ёки 71 фоизини аёллар, 163,6 минг нафар ёки 29 фоизини эркаклар ташкил этган. Бу таълим соҳасида аёлларнинг етакчи ўрни сақланиб қолаётганини кўрсатади.

Охирги ўн йилликда ўқитувчилар сони босқичма-босқич ошиб борган. Масалан, 2015/2016 ўқув йилида 385 минг нафар бўлган ўқитувчилар 2019/2020 йилда 486,6 минг нафарга, 2023/2024 йилда эса 547,8 минг нафарга етди.

Мутахассислар таъкидлашича, сўнгги йилларда ўқитувчилар сонининг ошиши таълим сифатини яхшилаш, мактаб ёшидаги болаларни тўлиқ дарс жараёнларига қамраб олиш ва ўқув жараёнида самарадорликни оширишга хизмат қилади. Бу ҳолат, айниқса, янги мактаблар қурилиши ва қўшимча кадрлар жалб этилиши билан чамбарчас боғлиқ.