2025 йил сентябр ойида Ўзбекистонда истеъмол нархлари индекси (ИНИ) бир ойда 0,6 фоизга ўсиб, йиллик ҳисобда 8 фоиз даражасига етди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, январь–сентябр ойларида ўртача ойлик ўсиш суръати 0,5 фоиз бўлиб, ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткич (0,7 фоиз)дан паст бўлди.
Сабзавот ва меваларсиз ҳисоблаганда, сентябр ойида ИМИ 0,5 фоизга ўсди, йиллик кўрсаткич эса 8,9 фоизни ташкил этди. Бу 2024 йил сентябрида қайд этилган 11,8 фоизлик кўрсаткичдан анча паст.
Овқат маҳсулотлари бўйича сентябрда айрим турдаги маҳсулотлар кескин қимматлади. Жумладан, тухум нархи 6,5 фоизга, лаҳм гўшт 1,8 фоизга, суякли мол гўшти 1,7 фоизга, қўй гўшти 1,5 фоизга, парранда гўшти 1,2 фоизга, қуруқ пишлоқ 1,2 фоизга ошди. Шу билан бирга, сут ва сут маҳсулотлари ўртача 0,6 фоизга қимматлади. Айрим маҳсулотларда нарх пасайиши кузатилди: масалан, гуруч 0,4 фоизга, қаймоқли сут 0,3 фоизга, чой 0,2 фоизга, жавдар нон эса 0,1 фоизга арзонлади.
Сабзавот ва меваларда энг катта ўсиш помидор (16,9 фоиз), қалампир (10,4 фоиз), сабзи (7,7 фоиз) ва тарвуз-қовунларда (5–6 фоиз) қайд этилди. Шу билан бирга, пиёз (3,6 фоиз), карам ва бодринг (2,2 фоиз), лимон (1,9 фоиз) ва олма (1,2 фоиз) нархлари пасайди.
Коммунал хизматларда ҳам ўзгаришлар кузатилди. Навоий вилоятида ичимлик суви ва канализация, Қашқадарёда чиқиндиларни чиқариш, Тошкент вилоятида эса иссиқ сув ва иссиқлик учун тарифлар оширилди. Уй-жой таъмири учун сарфланадиган қурилиш материаллари 1 фоизга қимматлади.
Сентябр ойида АИ-80 маркали бензин 8200–9500 сўм, АИ-91/92 — 10500–13300 сўм, АИ-95 — 12500–15300 сўм, АИ-100 эса 18000 сўмгача етди. Бензин ойликда 1,4 фоизга ошди, йил бошидан буён эса қарийб 6 фоизга қимматлади. Шу билан бирга, пропан 1 фоизга арзонлади, метан нархи эса амалда ўзгармади.
Автотранспорт хизматлари 1 фоизга қимматлаган бўлса, темирйўл, ички ва халқаро авиақатновларда нархлар 0,8–1,1 фоизга пасайди. Автоҳаракатга алоқадор хизматлардан энг кўп ўсиш ҳайдовчилик курслари (5 фоиз) ва парковка хизматлари (1,6 фоиз) да кузатилди.
Дорилар ва тиббий хизматлар 0,2–0,4 фоизга қимматлади. Таълим соҳасида репетиторлик хизматлари 1,2 фоиз, ўқув курслари нархи 1,1 фоизга ошди, хусусий боғчаларда нарх 0,4 фоизга ўсди. Бироқ нодавлат ОТМларда контракт тўловлари 0,6 фоизга камайди.
Ижтимоий ва маданий соҳада музей хизматлари 8,7 фоизга қимматлади. Молиявий хизматларда эса пул ўтказмалари бўйича тўловлар 1,2 фоизга арзонлади.
ИНИнинг умумий ўсишига асосий таъсир озиқ-овқат маҳсулотлари (67,9 фоиз таъсир ҳиссаси) томонидан кўрсатилди. Шунингдек, уй-жой хизматлари ва транспортдаги ўзгаришлар индексга қўшимча 0,1–0,2 фоиз пункт қўшди.
Январ–сентябр натижаларига кўра, энг катта таъсир уй-жой хизматлари, транспорт ва озиқ-овқат инфляцияси томонидан кўрсатилди, улар умумий ўсишнинг қарийб 84 фоизини ташкил қилди.
Шу тариқа, айрим озиқ-овқат турлари бўйича инфляция ўсишига қарамасдан, жами инфляция ўтган йилга нисбатан секинлашгани кузатилмоқда. Бу эса иқтисодиётда нарх барқарорлигини таъминлашга қаратилган чоралар самара берганини кўрсатмоқда.