Кеча, 30 сентябр куни Ўзбекистон президентининг стратегик ривожланиш бўйича маслаҳатчиси Сардор Умрзоқов Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн билан учрашди. Бу ҳақда Подшоҳнинг расмий саҳифасида хабар берилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон расмий вакилининг юқори даражадаги расмий делегация бошчилигида Иорданияга ташрифи қиролнинг ўтган ойда Ўзбекистонга қилган сафари натижаларини кузатиб бориш доирасида амалга оширилган. Бундан ташқари, Сардор Умрзоқов Иорданиянинг бир қатор тегишли мансабдор шахслари билан учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.
«Учрашувда, подшоҳ Иордания ва Ўзбекистон ўртасидаги мустаҳкам дўстлик алоқаларини мамнуният билан таъкидлаб, мавжуд ривожланиш имкониятларидан, айниқса савдо, инвестициялар, соғлиқни сақлаш, таълим, туризм ва мудофаа соҳаларида фойдаланиш зарурлигини қайд этди», – дейилади хабарда.
Бундан ташқари, подшоҳнинг диний ва маданий масалалар бўйича бош маслаҳатчиси ва шахсий вакили, шаҳзода Ғози бин Муҳаммад иштирок этган ушбу учрашувда минтақадаги, хусусан Ғазо, Ғарбий соҳил ва Қуддусда юз бераётган сўнгги воқеалар ҳам муҳокама қилинган.
Маълумот учун, жорий йилнинг 23 сентябр куни БМТ Бош Ассамблеясининг юбилей сессияси доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Иордания подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн билан учрашув ўтказганди.