Саудия Арабистони ва Трампнинг куёви Electronic Arts’ни 55 миллиард долларга сотиб олди. Ар-Риёд нима сабабдан ўйин бозорини қўлга киритмоқчи?

01.10.2025 20:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Муттахассислар таъкидлашича, бу тарихда қарз маблағлари орқали амалга оширилган энг йирик корпоратив харид ҳисобланади.

Ea

Дунёдаги энг йирик ўйин ишлаб чиқарувчи компаниялардан бири — Electronic Arts 55 миллиард долларга Саудия Арабистони Давлат инвестиция жамғармаси, Silver Lake ва Жаред Кушнерга тегишли Affinity Partners иштирокидаги консорциумга сотилди. Бу ҳақда BBC нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, Electronic Arts (EA) компанияси бутун дунёда машҳур ўйин ишлаб чиқарувчи ва нашр этувчи ҳисобланади. Компания EA FC (илгари FIFA), The Sims ва Mass Effect каби миллионлаб мухлисларга эга ўйинлари билан танилган. Янги келишувдан кейин EA хусусий компанияга айланади ва унинг акциялари биржа савдосидан олиб ташланади.

Келишув қиймати 55 миллиард доллар бўлиб, бу EA’нинг бозор баҳосидан тахминан 25 фоизга юқори. Бир акция учун 210 доллар нарх белгиланган. Муттахассислар таъкидлашича, бу тарихда қарз маблағлари орқали амалга оширилган энг йирик корпоратив харид ҳисобланади.

Харид Саудия Арабистони Давлат инвестиция жамғармаси (PIF), Американинг Silver Lake фонди ва Affinity Partners томонидан амалга оширилди. Affinity Partners компанияси АҚШ президенти Доналд Трампнинг куёви Жаред Кушнер томонидан бошқарилади. New York Times маълумотларига кўра, Саудия охирги йилларда глобал ўйин бозорида таъсирини кучайтиришни стратегик мақсад қилиб олган.

2021 йилда PIF «Savvy Games Group»ни ташкил этган ва ўйин индустриясига 38 миллиард долларлик инвестиция дастурини йўлга қўйган. Бу ҳаракат мамлакатнинг «Vision 2030» стратегияси доирасида амалга оширилмоқда. Стратегиянинг асосий мақсади — иқтисодиётни диверсификация қилиш ва нефтга боғлиқликни камайтириш.

Бироқ Саудиянинг бундай инвестициялари халқаро ташкилотлар томонидан танқидга учраган. Human Rights Watch мамлакатни «спортвошинг»да айблаб, спорт ва маданий тадбирлар орқали халқаро имижини яхшилашга уринаётганини таъкидлади.