«Толибон»: Афғонистонда интернет тақиқлангани ҳақиқатга тўғри келмайди

01.10.2025 20:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Афғонистоннинг «Толибон» ҳаракати мамлакатда интернетнинг ўчирилиши «оптик толали инфратузилманинг бузилиши» билан боғлиқлигини маълум қилди. Associated Press хабар беришича, бу баёнот покистонлик журналистлар аъзо бўлган WhatsApp гуруҳ чатида тарқатилган.

Talibon

Агентликнинг таъкидлашича, бу баёнот ҳаракат вакилларининг банк, савдо ва авиация фаолиятини тўхтатиб қўйган алоқа узилиши ҳақидаги биринчи оммавий баёноти бўлди.

«Толибон» вакили Забиҳулла Мужоҳиднинг айтишича, ҳозирги вақтда оптик толали тармоқлар алмаштирилмоқда. Шу билан бирга, интернетга кириш қачон қайта тикланиши ҳақида хабар берилмаган.

«Афғонистон бўйлаб интернетга киришнинг тақиқлагани ҳақидаги хабарлар миш-мишдан бошқа ҳеч нарса эмас», — деди ҳаракат вакили.

Эслатиб ўтамиз, 29 сентябр куни кечқурун Афғонистоннинг барча ҳудудларида интернет бутунлай ишдан чиққани ҳақида хабарлар тарқала бошлади.

BBC News хабар беришича, толиблар сўнгги бир неча ҳафта мобайнида мамлакатнинг турли вилоятларида оптик толали интернетни ўчирган. Эртаси куни мобил интернет ва сунъий йўлдош телевидениеси билан боғлиқ муаммолар юзага келгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Дунё бўйлаб интернет эркинлигини кузатиб борувчи NetBlocks ташкилоти, «Толибон» оптик толали интернетни ўчириш орқали мамлакатда «ахлоқий меъёрларни таъминлаш чораларини» жорий этишни бошлаганини таъкидлаган.