Тошкент ерусти метросининг вақтинча ёпилган бекатлари 18 октябрдан қайта ишга тушади

01.10.2025 13:46 | 2 дақиқада ўқилади.

«Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги» ерусти ҳалқа йўли режали профилактика ишларини амалга ошириш учун ёпилган эди.

33197420 0 0 1280 695 1920x0 80 0 0 58f78358510a5f1b44a72569058ea038

Тошкент метрополитенидаги «Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги» ерусти ҳалқа йўли бекатлари бир неча ҳафта аввал режали профилактика ишлари сабабли вақтинча ёпилган эди. Мазкур ишлар йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш ва хизмат сифатини ошириш мақсадида амалга оширилганлиги айтилмоқда.

Метрополитен раҳбарияти маълум қилишича, ишлар якунига етиб бормоқда. Ҳозирда пойдевор инфратузилмаси ва ҳаракат хавфсизлиги билан боғлиқ текширувлар олиб борилмоқда. Йўналишда поездлар айни пайтда синов тариқасида йўловчилaрсиз ҳаракатланмоқда. Бу жараён орқали тизимнинг техник тайёргарлиги ва хавфсизлик кўрсаткичлари баҳоланади.

Агар синовлар муваффақиятли якунланса, «Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги» ерусти ҳалқа йўли бекатлари жорий йилнинг 18 октябридан йўловчилар учун очилиши кутилмоқда. Бу санага қадар метрополитен тизимида зарур хулосалар тайёрланиб, йўналиш фаолияти тикланиши ҳақида қўшимча ахборот ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилинади. Шу тариқа пойтахт йўловчилари яқин кунларда йўналишдан яна фойдаланиш имконига эга бўлади.

Йўналишнинг қайта ишга тушиши аҳолининг кундалик сафарларида катта қулайлик яратиши ва транспорт юкини сезиларли енгиллаштириши кутилмоқда.