Тошкентда «дўкон», «мини маркет» ва «дорихона» каби пешлавҳаларга ҳам солиқ солинмоқда

01.10.2025 21:45 | 6 дақиқада ўқилади.

Ҳокимият уларни «ташқи реклама» деб баҳолаяпти ва тадбиркорлардан ҳар бир ортиқча метр квадрати учун ойига 60 минг сўм тўлов талаб қилмоқда. Солиқ тўламаганлар эса пешлавҳаларини олиб ташлашлари ёки 30 миллион сўм жарима тўлашлари керак бўлади.

DokonФото: platforma.uz

Тошкент шаҳридаги барча дўконлар, супермаркетлар, дорихоналар, ишхона ва кафелар тепасига илинган пешлавҳалар оммавий тарзда олиб ташланмоқда. Агар олиб ташлашмаса, солиқ ва жарима тўлашларига тўғри келади.

Тошкентдаги дўконлар ва дорихоналарга шаҳар ҳокимлигининг Рақамли ривожланиш департаменти дўкон ва дорихоналардаги ном ёзилган пешлавҳаларни «ноқонуний ташқи реклама»деб баҳолаб, уларни олиб ташлашни талаб қилмоқда. Бу талаб ҳатто «мини маркет», «дорихона», «гўшт дўкони» каби оддий ёзувларга ҳам қўлланмоқда.

Тадбиркорларга кўра, улар пешлавҳаларнинг бир метр квадратдан ортиқ қисми учун ҳар бир метр квадратига 60 минг сўмдан ойига солиқ тўлаши керак. Солиқ тўламаганлар пешлавҳаларини олиб ташлашлари керак, бўлмаса 30 млн сўм жарима ёзилади.

«Шу десангиз, кеча ҳокимятдан икки киши келди, бизни огоҳлантириб кетишди. Кўриб турганингиздагидек, магазинимиз тепасидаги «Sevaras» ёзувини ташқи реклама деб ҳисоблаб, бу учун биз пул тўлашимиз кераклиги ҳақида огоҳлантириб кетишди. Мен бу логотипим, яъни номим учун давлатга ҳар битта метр квадрати учун 60 минг сўмдан тўлашим керак экан. Минимал ҳисобда 1 метр квадрат экан. Ундан ошганига 60 минг сўмдан тўлов қилишим керак экан давлатга ҳар ой. Мен тушунмаяпман, гувоҳномамда Севара Салимова деб ёзилган ва шуни қисқартирилган варианти аслида «Sevaras» деган ном. Ва нимага мен магазинимнинг тепасига қўйган номим учун давлатга пул тўлашим керак? Ташқи реклама нима эканини мен жудаям яхши биламан. нимага мен магазинимнинг номини қўйганим учун пул тўлашим керак, бу логикага тўғри келмаяпти. Мун кичкинагина, ҳеч кимга кўринмайдиган қилиб қўйиб қўйишим керакми ёки ташқарига чиқиб, «келинглар иккинчи этажда менинг магазиним бор» деб чақиришим керак бўляптими? Мен давлатга солиқ тўлаяпман, нима керак бўлса ҳаммаси жой-жойида, лекин документдаги номимнинг қисқартирилган вариантини қўйганим учун нимага солиқ тўлашим керак. Мана бошқалар ҳам олиб ташлашяпти, чунки уч кун ичида олиб ташламасак бизга жарима қўллашаркан ва ўзлари келиб демонтаж қилиб кетишаркан. Бунинг учун 30 млн жарима ёзишаркан. Ҳозир битта бизга эмас, жуда ҳам кўп магазинларга келишган, уларга ҳам ёки олиб ташла ёки ҳар ой тўлов қил дейишяпти», – дейди «Sevaras» дўкони эгаси Севара Салимова.

Бизнес-омбудсман расмийси Жамшид Ҳасановга кўра, бу қонуний қарор. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил февралдаги 104-сонли қарорида белгиланган. Унга кўра, ахборот берувчи пешлавҳалар юзаси 1 квадрат метрдан ортиқ бўлиши керак эмас. Акс ҳолда, улар ташқи реклама деб баҳоланади ва белгиланган тартибда реклама жойининг паспорти расмийлаштирилиб, тўлов қилиниши лозим.

«Қарор қонуний, лекин адолатли эмас. Масалан, «дорихона» сўзи бренд ёки товар номи эмас. Бироқ, агар ёзув 1 метр квадратдан катта бўлса, реклама сифатида баҳоланмоқда. Бу ҳукуматнинг 104-сонли қарорида кўрсатилган. Биз қарорга ўзгартириш киритиш масаласини кўриб чиқяпмиз», – деган у.