Европа электр бозорида 15 дақиқалик тизим жорий этилди

01.10.2025 18:55 | 4 дақиқада ўқилади.

2025 йил 30 сентябрдан Европанинг электр бозорида янги қоида ишга тушди. Эндиликда энергия савдоси ва баланслаш жараёнлари бир соатлик эмас, балки 15 дақиқалик оралиқлар асосида амалга оширилади.

Europe

Европа энергетика тизимида муҳим ислоҳот амалга оширилди. Авваллари электр ишлаб чиқариш ва истеъмол ҳисоб-китоблари соатлик интерваллар асосида белгиланган бўлса, эндиликда кун 96 та 15 дақиқалик даврга бўлинди. Бу янгилик «15-minute market go» деб номланади ва у бутун Европа бўйлаб ягона қоида сифатида қабул қилинди.

Мазкур тизимнинг асосий мақсади — қайта тикланувчи энергия манбаларининг кескин ўзгаришларига тезкор ва аниқ жавоб беришдир. Қуёш ва шамол энергияси тез ўзгариши мумкин, шу боис 15 дақиқалик оралиқ орқали нархлар аниқроқ белгиланади, электр тармоқлари барқарорлиги таъминланади.

Европадаги бир қатор давлатлар — Франция, Финляндия, Эстония, Латвия, Литва, Словения, Швеция, Дания, Норвегия ва Исландия бунга аввалдан ўтиб бўлган эди. Энди эса 2025 йилдан бутун Европа учун ягона қоидага айланди.

Янги тизим нафақат йирик корхоналарга, балки оддий истеъмолчиларга ҳам фойда келтиради. Ақлли ҳисоблагичлар эгалари арзон вақтларда электрдан фойдаланиб, харажатни камайтиши мумкин. Қуёш панели эгалари ишлаб чиқариш ва истеъмолни квартал бўйича мослаб даромад олиш имконига эга бўлади.

Завод ва фабрикалар арзон интервалларда ишлаб чиқариш жараёнларини йўлга қўйиб харажатни камайтиради. Электромобил эгалари эса машиналарини арзон вақтларда қувватлаб, катта тежамкорликка эришиши мумкин. Масалан, бир соатда ўртача нарх 0,10 евро бўлиши мумкин, аммо турли вақт оралиқларда у 0,05 евро ёки 0,18 евро даражасида фарқ қилиши эҳтимолдан холи эмас.

Шу тариқа, 15 дақиқалик оралиқ тизими Европа энергетикасини мослашувчан, шаффоф ва барқарор қилади. Энг муҳими, бу жараён оддий аҳолининг электрдан оқилона фойдаланиши ва харажатларни қисқартириш имкониятини очиб беради.