29 сентябрдан бери Афғонистонда интернет ва телефон алоқаси тўлиқ ишламай қолган эди. NetBlocks маълумотларига кўра, мамлакатда 43 млн аҳоли икки кун мобайнида онлайн хизматлардан маҳрум бўлди.
«Толибон» расмийлари блэкаутни техник носозликлар билан изоҳлаб, «оптик толали кабеллар алмаштирилгани учун» деб билдирди. Al Jazeera нашрининг ёзишича, улар тарқалган миш-мишларни рад этган: «Интернетни қасддан тақиқламадик», — дейилган баёнотда. BBC эса манбасига таяниб, алоқанинг қайта тикланиши толиблар ҳукумати бош вазирининг шахсий кўрсатмаси орқали амалга ошганини ёзди.
48 соатлик узилиш мамлакат иқтисодига жиддий зарба берди. Кобул аэропорти рейсларни бекор қилди, Дубайда юзлаб йўловчилар самолёт кутиб қолди. Банк тизими ва савдо ҳам катта қийинчиликка дуч келди.
БМТ Афғонистондаги миссияси толибларни интернетни тўлиқ тиклашга чақириб, чекловлар ҳуманитар инқирозни янада кучайтиши мумкинлигини огоҳлантирди.
Аввалроқ «Толибон» айрим вилоятларда ахлоқий сабаблар билан интернетни ўчирганди. Ҳокимиятни 2021 йилда эгаллагандан буён улар аёллар ҳуқуқларини чеклаб, қизларнинг таълимига тўсиқ қўйиб, жамоатчиликда жазо ва қатлларни йўлга қўйган. Жорий йил июлида Халқаро жиноят суди ҳаракат раҳбарлари Охунзода ва Ҳаққонийга инсониятга қарши жиноятларда айблаб ҳибс ордери чиқарган эди.