Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов маълум қилишича, БМТ ҳисобларига кўра, дунёдаги ҳар 25-одам ўз мамлакати ташқарисида яшаб, меҳнат қилмоқда. Унинг таъкидлашича, Евроосиёда аҳоли ўсиши ва кексайиш жараёнлари турли давлатларда асимметрик йўналишда кечаётгани демографик синергияга шароит яратади.
Арипов Ўзбекистон мисолида демографик ўсишнинг иқтисодиётга таъсирини кўрсатди: аҳолининг 65 фоизи ёшлар, ҳар йили меҳнат бозорига 650–700 минг ёш чиқмоқда. Мамлакатнинг асосий йўналиши — инсон капиталига сармоя, рақамли саводхонлик ва STEM таълимни кучайтириш. Бугун мактабларда 500 минг ўқувчи математика, ахборот технологиялари ва робототехникага ихтисослашмоқда.
Шунингдек, «виртуал миграция» модели ривожланмоқда: 15 та IT-паркда 3 мингдан ортиқ резидент ишлаб, рақамли хизматлар экспорти 900 млн доллардан ошди. Ёшлар стартаплар орқали янги иқтисодиётни шакллантирмоқда.
Арипов шунингдек, «айланма миграция» концепциясини қайд этди: хорижда ишлаб қайтган фуқароларга солиқ ва молиявий имтиёзлар берилади. Фақат 2025 йилнинг ўзида 700 мингдан ортиқ меҳнат мигранти юртга қайтгани қайд этилди.
СМТИ раҳбари фикрича, миграция энди қисқа муддатли чора эмас, балки миллий тараққиётнинг стратегик асоси. У қўшма стандартлар ва шаффоф механизмлар зарурлигини таъкидлаб, бир томонлама чекловлар ишончсизликка олиб келишини қўшиб ўтди.