Ўзбекистон ва Озарбойжон FIFA U-20 Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади
FIFA Озарбойжон ва Ўзбекистоннинг 20 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатини ўтказиш бўйича қўшма аризасига ижобий баҳо берди. Бу ҳақда Кенгашининг навбатдаги йиғилишида қарор қабул қилинди.
Бу турнирдунё миқёсида миллий терма жамоалар иштирок этадиган энг муҳим мусобақалардан бири ҳисобланади ва FIFA ташкил қиладиган чемпионатлар ичида иккинчи ўринда туради. Мезбон сифатида Озарбойжон ва Ўзбекистон терма жамоалари автоматик тарзда ЖЧ иштирокчисига айланади.
Ўзбекистонда оилалар қанчалик бахтли яшайди?
«Oila va gender» илмий-тадқиқот институти томонидан ўтказилган сўнгги тадқиқот натижаларини маълум қилди. Тадқиқотлар сўнгги йилларда Ўзбекистон оилаларида умумий бахтлилик индекси ўсганлигини кўрсатади.
Тадқиқот республиканинг 14 та ҳудудида амалга оширилиб, расмий статистика маълумотлари асосида ҳисобланган. Индекс -1 дан +1 оралиғида баҳоланади. Ўзбекистон бўйича умумий кўрсаткич 2023 йилда +0,56 баллни ташкил этган бўлса, 2025 йилда +0,611 баллга етган. Шу тариқа, икки йил ичида индекс +0,051 баллга кўтарилди.
Институт хулосасида қайд этилишича, бу ўсиш оилаларнинг кўпчилиги ҳаётга кўтаринки руҳ ва келажакка ишонч билан қараётгани, қийинчиликларни эса шукроналик ҳисси билан енгиб ўтаётганини тасдиқлайди.
Ўзбекистон ташқи қарзи бир йилда 15,6 млрд долларга кўпайган
Марказий банк ҳисоботларига кўра, умумий ташқи қарз ҳажми охирги 3 ойда 3,8 млрд долларга, бир йилда эса 15,6 млрд долларга кўпайган. Бу кўрсаткич давлат қарзи ва корпоратив қарзларнинг бирдек ошиши ҳисобига юзага келганлиги айтилмоқда.
Давлат ташқи қарзи 36,8 млрд долларга етган бўлиб, йил давомида 5,8 млрд долларга ошган. Шу билан бирга, корпоратив қарзлар 35,4 млрд долларни ташкил этиб, уларнинг йиллик ўсиши 9,8 млрд доллар бўлган.
Жон бошига ташқи қарз миқдори 2025 йилнинг 1 июл ҳолатига 1 907 долларга етди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврида 1 524 доллар эди. Иқтисодчи Отабек Бакировнинг фикрича, йил якунларига бориб, мазкур кўрсаткич 2000 долларлик чегарадан ошиб кетиши мумкин.
Тошкент шаҳрида мавсумий гул экиш учун 10 млрд сўм ажратилди
Халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгаши 29 сентябр куни шаҳар ободонлаштириш бош бошқармаси тасарруфидаги ташкилотлар ҳамда туман ободонлаштириш бошқармаларига мавсумий гул кўчатларини экиш ишлари билан боғлиқ харажатлар учун 10 млрд сўм ажратиш бўйича қарор қабул қилди.
Ҳужжатга кўра, маблағнинг 1,82 млрд сўми турли ободонлаштириш бошқармаларига, қолган 8,18 млрд сўм эса туманлар кесимида тақсимланади. Ободонлаштириш бошқармалари орасида энг катта маблағ – 815 миллион сўм марказий майдонларни ободонлаштириш бошқармасига ажратилган. Шунингдек, аҳамиятга молик кўчаларни ободонлаштириш бошқармасига 748 миллион, Ҳукумат объектларига хизмат кўрсатиш бошқармасига 190 миллион ва Фуқароларга хизмат кўрсатиш бошқармасига 67 миллион сўм берилади.
Ўзбекистонда олтин қуймалари 34-марта рекорд даражада қимматлашди
Ўзбекистон Марказий банкининг хабар беришича, 2 октябр куни мамлакатда ўлчовли олтин қуймалари нархи кескин ўсди. Бир грамм олтин 1 миллион 547 минг 360 сўмга баҳоланган бўлса, 5 граммлик қуймалар 7 миллион 737 минг сўмдан таклиф қилинмоқда.
Регулятор маълумотларига кўра, 10 граммлик қуйма 15 миллион 474 минг сўм, 20 граммлик қуйма 30 миллион 947 минг сўм, 50 граммлик қуйма 77 миллион 368 минг сўм ва 100 граммлик қуйма 154 миллион 736 минг сўмни ташкил этмоқда.
Жаҳон бозорида ҳам олтин қимматламоқда. Троя унцияси учун қимматбаҳо металл 3 893,30 долларни ташкил этди. Мутахассислар талаб ошишини АҚШдаги ҳукумат ёпилиши билан боғламоқда. 1 октябрдан бошланган шатдаун Конгрессда янги молия йили учун бюджет юзасидан келишмовчиликлар туфайли юзага келди. Бу ҳолат халқаро бозорларда олтинга бўлган қизиқишни кучайтирди.