Grand Mir меҳмонхонаси ўрнида 30 қаватли бинога қуришга рухсат берилмаган — прокуратура

18:30 | 4 дақиқада ўқилади.

Тошкент марказида жойлашган Grand Mir меҳмонхонаси ўрнида 30 қаватли бизнес маркази қурилиши ҳақида тарқалган хабарлар асоссиз экани маълум бўлди.

Manar developmentФото: manar development

Тошкент шаҳар прокуратураси 30 қаватли бизнес маркази қурилиши кўриб чиқилмаган ва расмий равишда тасдиқланмаганини маълум қилди. Мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида прокуратура шаҳар Қурилиш бош бошқармасига сўров йўллади.

Жавобда таъкидланишича, ҳозиргача шаҳар ҳокимиятига мазкур ҳудудда қурилиш учун ариза берилмаган ва архитектура-режалаштириш топшириғи ёки лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланмаган. Шунингдек, лойиҳа Арxитектура-шахарсозлик кенгаши томонидан ҳам кўриб чиқилмаган.

Тошкентнинг 2045-йилгача бўлган бош режасида Grand Mir жойлашган ҳудудда беш қаватдан ортиқ иншоот қуришга йўл қўйилмаслиги қатъий белгиланган. Демак, ушбу ерда 30 қаватли бизнес марказ қурилиши мумкин эмас.

Жорий йилнинг июн ойида ижтимоий тармоқларда меҳмонхона бузилиб, унинг ўрнида учта янги бинодан иборат мажмуа, жумладан, 30 қаватли бизнес марказ қурилиши ҳақида хабар тарқалган эди. Бу эса аҳолида катта норозилик уйғотди.

«Боғсарой» маҳалласи аҳолиси давлат идораларига жамоавий мурожаат ва талабнома йўллаб, қурилишга қаршилик билдирди. Уларнинг мурожаатида 2 727 та имзо тўпланган бўлиб, унда лойиҳа шаҳарсозлик меъёрлари ва бош режага зид экани қайд этилган. Фуқаролар очиқ эшитувлар ўтказиш ва лойиҳа ҳақидаги маълумотларни оммага эълон қилишни талаб қилган.

Шунингдек, собиқ «Чорсу» меҳмонхонаси ўрнига 30 қаватдан баланд бино тушиши мумкин. Аммо Тошкент шаҳрининг амалдаги бош режаси собиқ «Чорсу» меҳмонхонаси ўрнида 20 қаватдан ортиқ бино қуришни тақиқлайди. Аввалроқ Kun.uz нашри лойиҳа юзасидан пойтахт қурилиш бошқармаси бошлиғига сўров юборган. Пойтахт қурилиш бошқармаси бошлиғи сўровга жавобан бу лойиҳа ҳали тегишли органларга тақдим этилмаганини билдирган эди.