Forbes Real-Time Billionaires маълумотларига кўра, Маскнинг умумий активлари аввал ярим триллион доллардан ошган, кейинроқ эса 499,1 миллиард долларгача пасайган. Шунга қарамай, у ҳозирда дунёнинг энг бой кишиси ҳисобланади ва келгусида биринчи триллионер бўлиш эҳтимоли катта.
Маскнинг молиявий ўсишида Tesla акцияларининг қимматлаши асосий омил бўлди. 1 сентябрда компания қимматли қоғозлари 4 фоизга ўсиб, тадбиркорга қўшимча 9,3 миллиард доллар даромад олиб келди. Апрелдан буён Tesla акциялари икки баробарга яқин ошган ва компаниянинг бозор қиймати рекорд даражага яқинлашган. Маскнинг Tesla’даги 12 фоизлик улуши 191 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Бундан ташқари, SpaceX ҳам катта ҳисса қўшди. Компания ҳозирда 400 миллиард долларга баҳоланган бўлиб, бу ўтган йил декабрига нисбатан 50 миллиард долларга кўп. Маскнинг ундаги 42 фоизлик улуши эса 168 миллиард долларлик бойликни таъминлаб турибди.
Яна бир муҳим актив — xAI Holdings. Унга X ижтимоий тармоғи ва Grok сунъий интеллект платформаси киради. Компаниянинг умумий баҳоси 113 миллиард долларни ташкил этади, Маскнинг ундаги 53 фоизлик улуши эса қарийб 60 миллиард долларга тенг.
Аввалроқ Илон Маск ижтимоий тармоқдаги чиқишида «Менинг ягона паспортим — АҚШники. Мен шу ерда ёки Марсда (сайёранинг Америкага тегишли қисмида) яшайман ва ўламан», дея баёнот берган эди.