Каромат Омонова Осиё рекордини янгилаб, жаҳон чемпиони бўлди

16:10 | 2 дақиқада ўқилади.

Ҳиндистоннинг Ню Деҳли шаҳрида ўтказилаётган пара енгил атлетика бўйича Жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик спортчи Каромат Омонова навбатдаги тарихий ютуқка эришди.

Sayt

20 ёшли Омонова аёллар ўртасидаги ядро улоқтириш мусобақасининг F46 тоифасида 13,07 метрлик натижа қайд этиб, барча рақибларини орқада қолдирди. Бу кўрсаткич қитъада мутлақ рекорд сифатида қайд этилди.

Беллашувда иккинчи ўринни Янги Зеландия спортчиси Ҳолли Робинсон эгаллади. У 12,86 метр натижа кўрсатиб, Океания рекордини ўрнатди. Учинчи ўринга эса канадалик Кети Пегг муносиб топилди — унинг натижаси 12,76 метрни ташкил этди.

Каромат Омонованинг бу ғалабаси орқали Ўзбекистон терма жамоасининг медаллар сони 8 тага етди. Жамоа ҳисоби ҳозирча 3 та олтин, 4 та кумуш ва 1 та бронза медалдан иборат.

Чемпионатда беллашувлар давом этмоқда ва ўзбекистонлик спортчилардан яна янги ютуқлар кутилмоқда. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, ёшларимизнинг кучли натижалари мамлакатда пара спорт турларига бўлган эътибор янада ортиб бораётганидан далолатдир.