Октябр ойида ўртача ойлик ҳаво ҳарорати сентябр ойига нисбатан +6…+7 даражага, республика шимолида +8…+9 даражага паст бўлади, дея маълумот бермоқда Ўзгидромет.
Мамлакат ҳудудининг катта қисмида ўртача кечки ҳарорат +5…+10 даражани ташкил этади. Кундузги ҳарорат одатда +23…+28 даража илиқдан (айрим йилларда +30…+35 даража қийматга етган) +10…+15 даража илиққача ўзгариб туради.
Албатта, ҳар йили табиат об-ҳаво шароитларига ўз тузатишларини киритади ва баъзида ҳақиқий ҳарорат иқлим меъёридан сезиларли даражада фарқ қилиши мумкин. Октябр ойида, айниқса ойнинг иккинчи ярмида, кўпинча биринчи кузги совуқлар кузатилади.
Метеорологик кузатувларнинг 150 йилдан ортиқ тарихида ҳарорат кечалари +6…+11 даража совуққача, шимолда +10…+15 даража совуққача, Устюртда +2 даража совуққача пасайган йиллар ҳам кузатилган.
Тошкентда 1909 йилнинг октябр ойида рекорд даражадаги минимал ҳарорат, +11,2 даража совуқ қайд этилган.
Октябр ойидаги энг юқори ҳарорат кўрсаткичлари республика ҳудудининг катта қисмида +37…+38 даражани, мамлакат шимолида ва Фарғона водийсида +32…+35 даражани ташкил этган.
Иқлим меъёрига кўра, октябр ойида 4 кундан 6 кунгача, тоғларга яқин жойларда 7-9 кунгача, республиканинг энг чекка жанубида 1 кундан 3 кунгача ёмғир ёғиши мумкин. Камдан-кам ҳолларда эса жуда қаттиқ совуқ кузатилганда (8-10 йилда бир марта) ёмғир қисқа муддатга қорга айланади.
Кўп йиллик давр учун ўртача ёғингарчилик миқдори 13 мм дан 25 мм гачани, тоғларда 27 мм дан 70 мм гачани, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда 3 мм дан 11 мм гачани ташкил этади.
Ўзбекистоннинг барча ҳудуди бўйича 2015 йил октябр ойи, юз йилликдаги энг ёмғирли йил бўлган. Тошкентда ойлик ёғингарчилик миқдори 88 мм ни (ойлик меъёрдан деярли 4 баравар кўп) ташкил этиб, 3 кун ичида 62 мм ёмғир ёққан.
Тошкентда барча кузатув қаторлари учун октябрь ойида максимал ойлик ёғингарчилик миқдори 1901 йилда қайд этилган бўлиб, у 126 мм ни ташкил этган.
Айрим йилларда бир ойда ёғингарчилик кузатилган кунлар сони 2-3 кундан ошмаган ва қатор ҳудудларда жуда кам ҳолларда ёғингарчилик кузатилмайдиган октябр ойлари ҳам қайд этилган. 2001-2024 йиллар даври учун 2020 йил октябр ойи энг қуруқ бўлиб, ой давомида ҳудуднинг катта қисмида қуруқ об-ҳаво сақланиб турган.
Бу йил октябр ойи об-ҳавонинг кескин ўзгариши билан бошланади.
Сентябр ойининг охирида кузатилган илиқ об-ҳаводан сўнг, 1-2 октябр кунлари Ўзбекистон ҳудудида ушбу мавсумдаги биринчи кузги совуқ кириб келиши кутилмоқда. Республика шимолида, марказий ва шарқий вилоятларда баъзи жойларда ёмғир ёғиши мумкин.
Ҳаво ҳарорати кундуз кунлари +18…+21 даражагача, кечалари +8…+13 даражагача, республика шимолида кундуз кунлари +13…+16 даражагача, кечалари +4…+5 даража илиққача пасаяди. 3 октябрда фақат Фарғона водийси вилоятларида ёмғир ёғиш эҳтимоли бор.
4-10 октябрда бутун республика бўйича асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати +5…+7 даражага кўтарилади. Кундуз кунлари ҳаво +23…+26 даражагача исийди.
Октябр ойининг иккинчи ва учинчи ўн кунликларида айрим кунларда (2-3 кун) баъзи жойларда ёмғир ёғади. Ҳарорат кечалари +10…+15 даражадан +5…+10 даражагача (республика шимолида 2 даража совуққача бўлиши мумкин), кундуз кунлари +23…+28 даражадан +15…+20 даражагача ўзгариб туради.