Ўзбекистоннинг Хитой билан савдо айланмаси 2025 йилнинг саккиз ойида 21,1 фоизга ошди ва 9,7 млрд долларни ташкил қилди. Аммо ўсиш асосан импорт ҳисобига қайд этилди.
Ўзбекистондан Хитойга экспорт ҳажми 9 фоизга яқин пасайиб, 1,24 млрд долларгача тушди. Бунинг асосий сабаби саноат маҳсулотлари етказиб бериш 40,8 фоизга камайиши бўлди. Бироқ газ экспорти 24,1 фоизга ўсиб, 494,7 млн долларни ташкил этди. Натижада зангори ёқилғининг умумий экспортдаги улуши қарийб 40 фоизга етди.
Шу вақт оралиғида Хитойдан импорт ҳажми 8,45 млрдга чиқди, бу ўтган йилга нисбатан 27,3 фоизга кўп. Айниқса, июл ва август ойларида импорт сезиларли суръат билан ўсиб, мос равишда 1,32 млрд ва 1,47 млрд долларни ташкил қилди.
Хитойдан химия маҳсулотлари импорти 37,2 фоизга, саноат товарлари 29,4 фоизга, машиналар ва транспорт ускуналари 23,8 фоизга кўпайди.
Эслатиб ўтамиз, сентябр ойи бошида Президент Шавкат Мирзиёев Хитой раҳбари Си Жинпинг билан учрашувда товар айланмасини 20 млрд долларга етказиш, саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб беришни кенгайтириш юзасидан келишувга эришган эди.