Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонга 2025-йилнинг январ–август ойларида таълим олиш учун 14 216 нафар хорижий фуқаро келди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3 179 нафарга кўп бўлиб, ўсиш суръати 28,8 фоизни ташкил этди.
Мамлакат бўйича тақсимотга қаралса, Туркманистондан келган талабалар сони энг кўп — 4 603 нафар. Ҳиндистондан 3 477, Тожикистондан эса 1 392 нафар талабалар келган. Шунингдек, Хитойдан 710, Покистондан 700 ва Жанубий Кореядан 553 нафар талаба Ўзбекистонда таълим олишни танлаган.
Қирғизистон Республикасидан 333, АҚШдан 319, Филиппиндан 245 ҳамда Туркиядан 233 нафар талаба рўйхатга кирди. Афғонистон 226, Миср 223 ва Россиядан 121 нафар талабалар келгани қайд этилган.
Шу билан бирга, Буюк Британиядан 110 нафар, Жанубий Африка Республикасидан 89 нафар ва яна қатор давлатлардан келган 893 нафар талабалар умумий ҳисобга киритилган. Бу кўрсаткич Ўзбекистоннинг халқаро таълим марказига айланиб бораётганини тасдиқлайди.
Йилнинг биринчи ярмида ҳам ўсиш кузатилган. Январ–июн ойларида 9,5 мингдан зиёд хорижий талаба мамлакатга ташриф буюрган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 минг нафарга кўп бўлиб, ўсиш суръати 17,3 фоизни ташкил этган.